Тошкентнинг Яккасарой туманидаги 48- ўрта мактаб ўқитувчиси мунтазам дарс қолдириб келган ўқувчини тергагани ортидан ўқувчининг дарғазаб тоғаси тарафидан пичоқланди.
Ўқитувчи оғир аҳволда касалхонада ëтибди¸ тоғанинг иши терговда. Мактаб раҳбари ва ота-оналар билан суҳбат асносида Озодлик мухбири воқеага ойдинлик киритди.
Муаллимга ҳужум
Воқеага бевосита гувоҳ бўлган ва исми сир қолишини истаган ўқитувчининг 21 май куни Озодликка айтишича, мактабдаги пичоқбозлик 17 май куни соат 10 да содир бўлган:
- 17 май куни 48- мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси мунтазам дарс қолдирадиган ўқувчини кеч қолиб келгани учун дарсга қўймади. Ўн минутдан кейин ўқувчи мактабга тоғаси ва онасини бошлаб келди. Улар директоримиз Дилфуза опанинг кабинетига кириб разборка бошлашди. Физкультура ўқитувчисини ҳам чақиришди кабинетга. Буни ўзим кўрдим. Бир муддатдан сўнг директор ташқарига чиқиб кетди. Шовқин-суронни эшитиб ўша томонга бордим. Кўзимнинг олдида ўқувчининг тоғаси юр ташқарига деб ўқитувчини мактаб директори хонасидан кридорга судраб чиқди. Ўқувчининг онаси ўқитувчига ташланиб юз-кўзини юлиб ташлади. Тоға эса, физкультурачининг қорнига пичоқ тиқди. Скорий чақирдик. Менам бордим 16- касалхонага. Икки следак (терговчи демоқчи) етиб келиб ўқитувчидан ариза ëздириб олди - деди суҳбатдош.
“Бости-бости қилишмоқчи”
Озодлик бу воқеа юзасидан 48- мактаб раҳбариятидан изоҳ сўради. Ўзини "мактаб директори Дилфуза Набиеванинг тарбиявий ишлар бўйича муовиниман", деб таништирган аëл Озодлик мухбири билан суҳбатда воқеани ҳасўшлашга уринди:
- Директоримиз ҳозир РОВДда. Мен жавоб бераман бу масала ҳақида. Тўғри 17 майда шунақа кўнгилсиз ходиса юз берди. Лекин ўқитувчи ўлмадику?! Терговчи айтди¸ шовқин қилмай туринглар¸ уладить қиламиз деб. Ука сизам Озодликда чиқарманг бу гапни. Рўза ойида мусулмон мусулмонни айбини бекитади. Ëритманг бу воқеани,- деди 48- мактаб раҳбарларидан бири.
Воқеага гувоҳ бўлган ўқитувчи ҳам “жиноятни ëпти-ëпти қилишмоқчи “ дея Озодлик билан суҳбатда таъкидлади:
- Директоримиз Дилфуза Набиева ҳеч кимга айтманглар. Мен ишдан кетсам, ҳаммага ëмон бўлади, деб юрибди. Биз ўқитувчилар мактаб ичида бехавотир ишлашни истаймиз. Айбдорлар жазолансин. Тўғри ўша куни ҳамкасбимни кўкрагига пичоқ тиққан тоғани ичкарига обкириб қўйишди. Лекин ўқитувчини сочидан тортиб ерга ëтқизиб ëқасини йиртган онага нисбатан чора кўрилмади¸- деди ўқитувчи.
Чора кўрилади
Тошкент шаҳар халқ таълим бошқармасининг тарбиявий ишлар бўйича маъсул ходими Суҳроб Қирғизбоев Озодлик билан 21 май кунги суҳбатда “Бу воқеанинг ажиотаж бўлиб кетганини ва ўқитувчи хавфсизлигини таъминлай олмаган мактаб раҳбарлари иши тафтиш” қилинаëтганлигини айтди.
- Тергов кетяпти. Мактаб ўқитувчисини мактаб ҳудудида пичоқлаган киши ҳибсда. Ўқитувчи 16- шаҳар касалхонасида даволанмоқда. Ўқитувчининг аҳволи яхшиланмоқда. Тергов тугаганидан кейин 48- мактаб раҳбариятига интизомий чора кўрамиз албатта. Чунки улар мактаб хавфсизлиги бўйича буйруқни бажармаган. Буйруқда ўткир тиғли предметларни мактаб ҳудудига киритмаслик алоҳида таъкидланган. Шаҳар ҳокимининг 85 F қарорига кўра мактаб ҳудудига киришда метал дедектордан ўтиш керак. Воқеадан кейин барча мактаб мудирларини огоҳлантирдик. Хавфсизлик чоралари кучайтирилди¸ - деди мулозим.
Мактабдаги пичоқбозлар
Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов жорий йилнинг февралида ЎзА агентлигига берган суҳбатида ўтган йилда мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилганини айтган эди.
1,5 минг жиноятнинг бир нечаси ҳақда Озодлик ўз вақтида хабар қилган.
Хусусан, ўтган йилнинг 6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлаган эди. Талабалардан бири воқеа жойида жон берди. Пичоқланган яна бир талаба Тошкентдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.
Тошкентдаги 1- сонли Тошкент юридик коллежидаги “ваҳшийликлар” ўтган ҳафта Ўзбекистон телеканалида ҳам танқид қилинган эди.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон коллежларида бир неча марта қотиллик амалга оширилди.
Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида ўтган йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.