Ўзбекистон 15 мартдан “мамлакатда пиёз нархи барқарорлашганлиги сабабли” унинг экспортига қўйилган вақтинчалик чекловни бекор қилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Қиш мавсумида Ўзбекистон бозорларида пиёз нархи кескин кўтарилиб кетган эди. Бунинг ортидан мамлакат нархлар барқарорлашгунига қадар 20 январдан бошлаб пиёз экспортига чеклов киритганди. Чеклов 4 ойга, яъни апрель ойининг охиригача жорий этилган эди.
Давлат статистика агентлиги 18 январь ҳолатига кўра, 1 кило пиёз нархи 10 000 сўмгача кўтарилганини қайд этган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиёзнинг қимматлашига аномал совуқ туфайли бу маҳсулот заҳирасининг музлаб қолганини сабаб қилиб кўрсатган эди.
Вазирликнинг билдиришича, 2022 йилда Ўзбекистонда 1,9 миллион тонна пиёз етиштирилган.