Подмосковьеда мигрантларга хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаш тақиқланади

Иллюстратив сурат

Кейинги йил бошидан Россиянинг Москва вилоятида мигрантларга кўплаб фаолият соҳаларида ишлаш тақиқланади.

“1 январдан алкоголли ичимлик ва тамаки савдосига, кўчма савдо объектларида кўча таомлари сотишга, ижтимоий хизматларга ҳамда спорт, маданият, ҳордиқ, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига патент асосида хорижий ишчи кучини жалб қилишга тақиқ амал қила бошлайди”, дейилган Москва вилояти ҳукумати матбуот хизмати хабарномасида.

Москва вилояти ҳукумати раисининг ўринбосари Наталья Маслёнкина бу борада изоҳ бераркан, расмийлар қарори маҳаллий аҳолининг хорижликлар ишидан шикояти ошгани билан боғлиқлиги ва “муҳтамал зиддиятларни камайтириш”га хизмат қилиши кераклигини билдирган. Маслёнкинага кўра, келажакда Москва вилояти ҳам “Россиянинг патент бўйича ишлашга тўлиқ тақиқ киритилган 22 та минтақасига қўшилишни истайди”.

Аввалроқ “Агентство” нашри Россия минтақаларининг учдан бир қисмида мигрантлар фаолиятига чекловлар киритилгани ҳақида хабар қилган. Хориждан келганларга кўпроқ таксида ишлаш тақиқланмоқда. Шу туфайли, “Яндекс Go” хизмати раҳбарларидан бири бўлган Антон Петраков тахминига кўра, 2024 йил охирига бориб Россияда такси ҳайдовчилари танқислиги 130 минг кишини ташкил қилади. Петраковга кўра, бу муаммо сабабли йўлкира нархлари “ўнлаб фоизгача” ошиб кетиши мумкин.