“Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти 2024 йил 1 январгача бешта ширкатга бўлиб ташланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
10 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан йўл хўжалиги, электр таъминоти, сигналлаштириш ва алоқа, локомотив хўжалиги, ягона диспетчерлик маркази ва юк станциялари иш фаолиятини таъминлаш бўйича “Темирйўлинфратузилма” АЖ ташкил қилинади.
“Темирйўлкарго” ширкати эса юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал “эшикдан эшиккача” ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини бошқариш билан шуғулланади.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш бўйича “Темирйўлэкспресс”, болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш бўйича “Темир йўл ижтимоий хизматлар” муассасаси ташкил этилади.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ таркибида вокзаллар фаолиятини таъминлаш бўйича “Темир йўл вокзаллари” МЧЖ ва шаҳар атрофида йўловчилар ташиш бўйича “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилади.
Темир йўлда юкларни маҳаллий, экспорт ва импорт йўналишларида ташиш тарифларига тақдим этилган чегирмалар 2024 йил 1 январдан бекор қилинади ҳамда уларни фақат Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тақдим этиш тартиби жорий этилади.