Покистон Эрондаги еттита объектга зарба берди. Бу ҳақда CNN Покистон хавфсизлик хизмати вакилига таянган ҳолда хабар берди.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Исломобод “Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятидаги террорчилар манзилларига ўта мувофиқлаштирилган ва мақсадли зарбалар бергани” айтилади. Зарбалар оқибатида Эронда етти киши ўлгани айтилмоқда.
Покистон баёнотида Эрон “биродар давлат” экани, унинг суверенитети ва ҳудудий яҳлитлигини ҳурмат қилиниши таъкидланган.
Систон ва Балужистон вилояти ҳокимнинг ўринбосари Алирезо Марҳаматий давлат телеканалига берган интервьюсида Сереван шаҳрига берилган зарбалар оқибатида камида етти киши ҳалок бўлганини, улардан уч нафари аёл ва тўрт нафари бола эканини билдирди. Унга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси чет эл фуқароларидир.
Mehr агентлигининг хабар беришича, Покистон ҳужумни ракеталар ва дронлар воситасида амалга оширган.
Аввалроқ Эрон Ислом инқилоб посбонлари корпуси Покистоннинг Балужистон вилоятига ракеталар билан зарба берганди. Хабарда айтилишича, Эрон балуж сепаратчиларининг “Жайш ал Адл” гуруҳи манзилларига ўт очган.
Эрон ҳукумати мазкур гуруҳни террорчи сифатида тақдим этади. Балужистонда 2012 йилдан бери фаолият олиб бораётган “Жайш ал Адл” сунийларнинг салафийлар оқимига мансуб тузилма бўлиб, Эроннинг амалдаги шиа ҳукмронлигига қарши курашади.
“Жайш ал Адл” Эрон шарқидаги портлашларга, ўтган йилнинг декабрида Раск шаҳридаги полиция бўлинмасида содир этилган терактга алоқадорлигини тан олган. Полиция бўлинмасига қилинган ҳужумда 12 полициячи ҳалок бўлган ва 7 киши яраланган эди.
16 январга ўтар кечаси Инқилоб посбонлари корпуси дронлар ва ракеталар билан Ироқ ҳамда Сурия ҳудудларига зарба берганини маълум қилганди. Ўшанда Теҳрон Ироқ Курдистонида жойлашган “Исроил жосуслик маркази” ва “Ислом давлати” гуруҳи қолдиқлари объектлари зарба нишони бўлганини билдирган.
Ироқ Эроннинг ҳужумини жиноят сифатида баҳолаган ва ўз ҳудудида Исроил махсус хизмати “Моссад”га тегишли объектлар йўқлигини таъкидлаган. Бағдод ҳужумдан сўнг Теҳрондаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олган. Ироқ ҳукумати Эрон устидан БМТ Хавфсизлик кенгашига норозилик аризаси киритишни режалаштирмоқда.
Эроннинг Ироққа берган зарбасини АҚШ Давлат департаменти қоралаган.