Покистон шимоли-ғарбида 30 июль куни ўтказилган сиёсий митингда содир этилган портлаш оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлди. Сўнгги хабарларга қараганда, камида 200 киши яраланган.
Портлаш Афғонистон билан чегарадош Бажаур минтақасининг Хар туманида исломчи “Жамоат Уламои Ислом” партияси тарафдорлари йиғилган митингда содир бўлган. Мазкур минтақа авваллари Покистондаги радикал “Тахрики Толибон” ҳаракатининг таянч нуқтаси сифатида қаралар эди. Сўнгги йилларда ҳукумат кучлари минтақада ўз назоратини мустаҳкамлашга эришганди.
Полициянинг билдиришича, минбарга ислом партиясининг лидерлари кўтарилган пайтда худкуш ўзини портлатиб юборган. Партия лидерлари жабрланмаган. Портлаш ортида ким тургани ҳозирча номаълум.
Портлашни Покистон ҳукумати ва Афғонистон Толибони қоралади. “Ал-Жазира” нинг билдиришича, портлаш ортида Покистон толиблари турган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хавотирлар бор.
“Жамоат Уламои Ислом” “Тахрики Толибон”дан фарқли ўлароқ Покистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келади.