Покистон жорий йилнинг 14 августидан бошлаб Ўзбекистон дохил 126 та мамлакат фуқаролари учун виза йиғимини бекор қилди. Бу ҳақда Покистон ахборот вазири Атоуллоҳ Тарар маълум қилган.
Қайд этилишича, мазкур рўйхатга Ўзбекистондан ташқари минтақадаги Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон, МДҲдаги Россия ва Беларусь, шунингдек, АҚШ, Британия, Япония, Жанубий Корея, Европа Иттифоқига кирувчи барча мамлакатлар ҳамда Яқин Шарқнинг қатор мамлакатлари киритилган.
Бу мамлакатлар фуқароларига туристик ва корчалонлик билан боғлиқ визалар бепул берилади.
Юқорида номлари зикр этилган мамлакатларнинг фуқаролари электрон визага ариза топшириш учун Покистон Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайти орқали ўз паспортлари нусхаси ва фотосуратини тақдим этишлари лозим бўлади. Виза 90 кун давомида амалда бўлади.
Бундан ташқари, Покистон Саудия Арабистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қатар, Кувайт ва Уммондан бўлган тадбиркорларга визани тўла бекор қилган. Бу қадам корчалонлик ва инвестицион фаолликка туртки бериши кутилмоқда.