Покистон Қирғизистонда ўқиётган яна 540 нафар талабани ватанига олиб чиқиб кетади. Бу ҳақда Покистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар 19 май куни Лоҳурда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Dawn нашри хабарига кўра, вазир учта махсус тижорат рейси ташкил этилганини қайд этган.
“Кеча 130 га яқин талаба тижорат рейси билан Покистонга қайтди. Бугун эса яна учта махсус рейс ташкил этилди. Натижада 540 талаба қайтишга муваффақ бўлади, қайтганларнинг умумий сони эса 670 кишини ташкил этади”, деган Покистон ТИВ раҳбари.
Қирғизистон ТИВнинг 19 майдаги маълумотига кўра, ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев покистонлик ҳамкасби Муҳаммад Исҳоқ Дар билан телефон мулоқоти ўтказиб, Бишкекдаги покистонликлар билан боғлиқ нохуш ҳодисани муҳокама қилган.
Жорий йилнинг 17 май куни ижтимоий тармоқларда бир неча киши ўзаро муштлашгани акс этган видео тарқалган. Муаллифлар унда чет элликлар иштирок этганини иддао қилишган, айрим фойдаланувчилар эса калтакланганлар Қирғизистон фуқаролари бўлгани ҳақида ёзишган. Бу видео ортидан 18 майга ўтар кечаси Бишкекнинг шарқий қисмида одамлар йиғилган. Қирғизистон ИИВ тунда йиғилган одамлар сони 700 га етганини, эрталабга бориб улар тарқаб кетганини маълум қилган.
Бишкек милицияси ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 278-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) ва 330-моддаси (Ирқий, миллий, диний ёки ҳудудлараро низо қўзғатиш) бўйича жиноят иши очилгани, хорижликлар яшаб турган ётоқхонага бостириб кириб, зўравонлик қилган тўрт нафар маҳаллий турғун шахси аниқланганини билдирган. Улардан икки нафари, шунингдек, тўрт нафар хорижлик қўлга олинган.
Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати 18 майга ўтар кечаси Бишкекда содир бўлган тартибсизликлар чоғида 29 киши жабрлангани, улардан 15 нафари касалхонага етказилганини маълум қилган.
Қайд этилишича, тан жароҳати олган уч нафар чет эллик касалхонада бўлиб, уларнинг аҳволи барқарор.
2023 йил охирига оид расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда 80 мингдан зиёд хорижлик талаба ўқийди, бу мамлакатдаги барча талабаларнинг 35 фоизини ташкил этади. Хорижлик талабаларнинг 61 фоизи ҳиндистонликлар, 32 фоизи эса покистонликлардир.