Қимматлаган тарифлар ва Хитой қуёш панеллари. Покистондаги вазият

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Покистонда электр энергияси учун тарифларнинг оширилиши аҳоли ва бизнесни Хитойнинг арзон қуёш панелларини қўйишга ундамоқда.

Дунё раҳбарлари Озарбайжон пойтахтида қазилма ёқилғилардан воз кечишни режалаштириш учун БМТнинг йиллик иқлим конференциясига тўпланар экан, сиёсатчилар бу жараёндаги кутилмаган муаммоларни ҳам муҳокама қилишади.

Ана шундай муаммолардан бири Покистонда кузатилмоқда. Бу ерда электр энергияси нархлари кескин ошиши Покистоннинг давлат электр таъминотини Жанубий Осиёдаги энг қиммат тармоққа айлантирди. Молиявий қийинчиликларга дуч келган аҳоли ва корхоналар арзон Хитой қуёш панелларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Покистон 1,4 миллиард долларлик Хитой қуёш панелларини сотиб олди ва 2024 йилнинг биринчи ярмида дунёдаги учинчи йирик харидорга айланди – Покистоннинг 9 миллиард доллардан ортиқ қарзи ва айни пайтда электр тармоқ истеъмолининг пасайиши зарар кўрган энергетика секторини янги молиявий инқирозга етаклаши мумкин.

Шимолий Яр Ҳусайн шаҳридан бўлган кичик тадбиркор Насар Хон учун қуёш энергиясидан фойдаланиш сўнгги йилларда унинг молиявий аҳволини оғирлаштирган юқори электр нархларини енгиллаштирди. Яшил энергия манбаи унинг ойлик тўловини деярли учдан бир қисмга камайтирди. Унинг айтишича, бу тежамкорлик қўшнилари ва яқинларининг ҳам эътиборини тортган.

"Давлат электр энергияси тарифлари истеъмолчилар учун қимматлик қилмоқда, – дейди Хон Озодлик радиосига. – Имкони бор ҳар ким энди қуёш энергиясига ўтишга ҳаракат қилмоқда."

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Pakistanis' Passion For Chinese Solar Panels Worries State Power Supplier (Video)

Хон ва унинг Яр Ҳусайндаги қўшнилари бундай аҳволга тушган ягона одамлар эмас. 240 миллион аҳоли яшайдиган мамлакат бўйлаб шаҳарларнинг томлари ва завод бинолари ялтироқ кўк панеллар билан қопланмоқда, давлат энергия тарифлари ошиши таъсирини юмшатишга интилаётган покистонликлар қуёш панелларини оммавий ўрната бошлаган.

Бу атроф-муҳит ва энергия ишлаб чиқаришнинг тоза шаклларини жорий этиш бўйича жаҳон саъй-ҳаракатлари учун яхши хабар бўлиши мумкин, аммо бундай ўзгариш ҳукумат учун янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, чунки давлат электр тармоғи энергиясига бўлган талаб қисқаради.

Покистоннинг жануби-шарқий Синд провинцияси бош вазири маслаҳатчиси бўлиб ишлаган иқтисодчи Кайзер Бенгалининг таъкидлашича, Хитой панелларининг кириб келиши "айланма қарз" ҳолатини юзага келтирди. Бу вазиятда қиммат давлат электр тармоғидан фойдаланаётганлар қуёш энергиясига ўтиш учун пул тежаш ёки электр ҳақларини тўлай олмаслик ўртасида танлов қилишлари керак, бу эса ўз навбатида бир давлат компаниясидан бошқасига тўланмаган қарзлар занжирини келтириб чиқариши мумкин.

Карачида электр тарифларининг оширилишига қарши норозилик намойиши. Июль, 2024

"Бу шуни англатадики, сув таъминоти компанияси бор ва, албатта, улар электр энергиясидан фойдаланади, чунки сувни ҳайдаш керак, – дейди Бенгали Озодлик радиосига. – Аммо одамлар сув ҳақини тўламаса, сув компанияси электр компаниясига тўлай олмайди. Электр компанияси газ ишлатгани учун улар газ компаниясига тўлай олмайди ва ҳоказо."

Электр энергияси нархларининг ошиши туфайли миллий тармоқдан электр энергияси истеъмоли 2023 йилда ўтган йилга нисбатан 10 фоизга камайди. Камига Исломобод Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) кредитини қайтариш учун электр энергияси нархларини оширишга мажбур бўляпти.

Покистонликлар тармоқдан ташқарида

Бундай шароитда покистонликлар имкон қадар мослашмоқда.

Қанча одам қуёш панелларига ўтаётгани аниқ эмас. Баъзи хонадонлар ўз эҳтиёжлари учун оддий қурилмаларни танламоқда, бошқалари эса энергияни миллий тармоққа сотиш умидида катта маблағ сарфлаган.

Ҳайбар Пахтунхва вилоятининг Сваби туманидан Аброр Хоннинг айтишича, у 20 йил давомида уйлар ва корхоналарга қуёш панель тизимларини ўрнатган, аммо энергетика инқирози ва ҳукуматнинг уни ҳал қилиш қобилиятига ишонч пасайиши қурилмалар ўрнатилишида катта ўсишга олиб келди.

"Аҳоли ва саноат корхоналари юқори тарифлар ва тез-тез электр узилишларидан безор бўлган, – дейди у Озодлик радиосига. – Шунинг учун бу йил ва ўтган йили қуёш тизимларига бўлган талаб кескин ошди."

Покистоннинг Ҳайбар минтақасида ишчилар Хитой қуёш панелларини ўрнатмоқда.

Покистон энергетика секторидаги инқироз илдизлари ўнлаб йилларга бориб тақалади, аммо 1994 йилда Исломобод хорижий инвесторларга электр станцияларини қуриш учун фойдали шартномалар таклиф қилганда бу инқироз авж олди.

Мустақил электр ишлаб чиқарувчилар (МЭИ) ҳукуматдан давлат кафолати остида ҳатто фойдаланилмаган электр энергияси учун тўлов мажбуриятларини ўз ичига олган имтиёзли шартномалар тузишга муваффақ бўлдилар.

Молиявий маблағлар асосан кўмир ва газда ишлайдиган электр станцияларига йўналтирилди, бу эса электр энергияси нархларини қазиб олинадиган ёқилғиларнинг жаҳон бозоридаги тебранишларига боғлаб қўйди. Натижада, Покистонда электр энергияси тарифлари сўнгги уч йилда икки баравардан кўпроқ ошди.

Ҳукумат субсидияларни қисқартирди ва электр энергияси ишлаб чиқарувчиларга тўланадиган тўловларини истеъмолчиларга ўтказди. Бу эса аҳолисининг тахминан 40 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайдиган Покистон каби ривожланаётган мамлакатда жамиятнинг катта қисмига оғир юк бўлди.

Покистоннинг Мардон минтақасида ўрнатилган Хитой қуёш панелларининг сунъий йўлдошдан кўриниши.

Саноатчилар энергия нархлари Ҳиндистон ва Бангладешдагидан икки баравар юқори эканлигидан шикоят қилмоқда ва баъзи заводлар ёпилишга мажбур бўлмоқда.

"Кимнинг бизнеси омон қолган бўлса – мен ҳам шулар қаторидаман - бу қуёш энергияси тизимларидан фойдаланиш туфайлидир," дейди Хайбар-Пахтунхва вилоятидаги мармар саноати вакили Ижоз Бача Озодликка.

Мармарни қайта ишлаш бу вилоятдаги асосий саноат тармоғи ҳисобланади ва Бачанинг айтишича, сўнгги икки йил ичида у ердаги ишлаб чиқарувчиларнинг 30-40 фоизи бизнесдан чиқиб кетган.

Бача қуёш энергиясига ўтганидан бери унинг корхонаси учун электр энергияси харажатлари сезиларли даражада камайганини айтди. Унинг ойлик тўлови 2 миллион рупиядан (7300 доллар) 1,2 миллион рупияга (4300 доллар) тушган. У бу тежамкорлик бизнесини сақлаб қолганини, аммо бу фақат 25 миллион рупия (90000 доллар) сармоя туфайли мумкин бўлганини қўшимча қилди. Бу суммани кўплаб покистонлик тадбиркорлар тўплай олмаслиги мумкин.

"Менимча, келгуси йилда Покистон саноатининг кўп қисми қуёш энергиясига ўтади, чунки усиз омон қолиш имконсиз," деди Бача.

Мавҳумлик

Қарз ва энергия муаммоларини ҳал қилишда истеъмолчилар сиёсатнинг кескин ўзгаришларига дуч келмоқда.

2017 йилда Покистон "net metering" тизимини жорий қилди, бу тизим орқали одамлар қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини миллий тармоққа сотишлари мумкин эди. Аммо март ойида ҳукумат ХВЖ талабларига жавоб бериш ва иқтисодиётни барқарорлаштириш мақсадида бу сиёсатни тўхтатмоқчи эканлигини маълум қилди.

2023 йилда электр тармоқларида юз берган авария сабаб Покистоннинг катта қисми электрсиз қолган эди. Карачи бозори, январь, 2023

Федерал ҳукумат хавотирларига қарамай, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи яшайдиган Панжоб ва Синд вилоятлари ҳозир кам таъминланган оилаларга бепул ёки субсидияланган қуёш панелларини таклиф қилмоқда.

Федерал ҳукумат тармоқни барқарорлаштириш ва қазиб олинадиган ёқилғига боғлиқликни камайтириш мақсадида қарзларни қайта кўриб чиқмоқда.

Покистон энергетика вазири Аваис Легҳари сентябрь ойида Financial Times газетасига берган интервьюсида ҳукумат Хитой ва маҳаллий инвесторлар билан энергетика секторидаги қарзлар бўйича қайта музокаралар олиб бораётгани ва айрим компанияларни хусусийлаштириш йўлларини ўрганаётганини айтди.

Бироқ вазир, шунингдек, қуёш панелларига бўлган қизиқишнинг ўсиб бориши тўловчи мижозларнинг доимий равишда камайишига олиб келиши миллий электр тармоғини "қимматга тушириши" хавфидан хавотирда эканлигини билдирди.

"Тармоққа бўлган талаб камаймоқда. Бу бизни жиддий ташвишлантирмоқда," деди у.