Покистон суди мамлакатнинг собиқ бош вазири, “Таҳрики-Инсоф” партияси асосчиси Имрон Хонни коррупция айблови билан 14 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган. Dawn газетаси хабарига кўра, Имрон Хоннинг рафиқаси Бушра Биби ҳам худди шунча йилга озодликдан маҳрум этилган.
Суд собиқ бош вазир ва унинг хотинига 10 йил давомида давлат лавозимларини эгаллашни тақиқлаб, уларнинг ҳар бирига 787 миллион рупия (тақрибан 9,4 миллион АҚШ доллари) миқдорида жарима солган.
Мазкур иш “Тўшахона” давлат хазинасида сақланган қимматбаҳо буюмлар сотилиши билан боғлиқ экани айтилмоқда.
Карачидаги суд 30 январь куни Имрон Хон ва собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайшийни давлат сири тўғрисидаги қонунни бузганлик айблови билан 10 йилданга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.
Мазкур ҳукмлар Покистонда 8 февралга белгиланган умумхалқ сайловларига бир ҳафта қолганда чиқарилган.
71 ёшли Имрон Хон айни пайтда қамоқда ўтирибди. У пул ювганлик айблови билан 2023 йил августида 3 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Хон ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади ва ўзига нисбатан таъқиб сабабини сиёсий фаолияти билан боғлайди.