RAW in WAR халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти Анна Политковская номидаги мукофотни фаластинлик журналист аёлларга беришга қарор қилди. Бу ҳақда ташкилот хабарномасида маълум қилинган.
“Исроил хорижлик журналистларнинг Ғазога мустақил равишда киришини тақиқлаб қўйганидан кейин орасида аёллар кўп бўлган фаластинлик журналистлар Ғазо секторидан деярли ягона хабар манбаси ва ягона овозга айланишди”, дея қайд этган можаролар ҳудудларидаги аёлларни дастаклаб келаётган RAW in WAR.
Ташкилот фаластинлик барча аёл журналистларнинг довюраклигини, улар жонлари таҳликада бўлишига қарамай, “давом этаётган можаро шароитида воқеаларни ҳаққоний ёритишга уринаётгани”ни урғулаган.
Уруш манзарасида кечган бир йил ичида Ғазода 150 дан зиёд журналист ва ОАВ ходими ҳалок бўлди, дейилган RAW in WAR хабарномасида. Ҳалок бўлган медиа ходимларининг сони аниқ эмас ва улар сони Халқаро журналистлар федерацияси ҳисоб-китобига кўра 139 нафардан Фаластин томони маълумотига кўра 175 нафаргачадир. 2024 йил февралида БМТ экспертлари Ғазодаги тўқнашувни “энг янги тарихда журналистлар учун энг ҳалокатли ва хавфли” можаро деб аташган.
Фаластинлик журналист аёлларга мазкур мукофот 2025 йил мартида бўлиб ўтадиган “Жаҳон аёллари” фестивалида топширилади.
Исроил Ғазо секторида ҳарбий амалиётни АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳининг 2023 йил 7 октябрида мамлакат жанубига ҳужумига жавоб ўлароқ ўтказмоқда. Бир йил муқаддам амалга оширилган мазкур ҳужумда Исроилда 1200 дан зиёд одам ўлган, 250 дан зиёд киши асирга олиниб, Ғазога олиб кетилган. Уларнинг айримлари ҳали ҳам секторда қолмоқда. Исроил ўз мақсади ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш эканини айтмоқда.
Халқаро ҳамжамиятнинг бир қисми Исроилни Ғазода тинч аҳоли вакили бўлган фаластинликларни қираётганликда айблаяпти. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳужумлари оқибатида секторда 41 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлган – уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил қилган.
Исроиллик ҳарбийлар фақат ҲАМАС инфратузилмаларига зарба берганларини билдиришиб, гуруҳ тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланган ҳолда, ўз объектларини аҳоли зид яшайдиган мавзеларда жойлаштираётганини иддао қилишмоқда.