Польшада Россия жосуси сифатида гумонланганлар қўлга олинди

Польша Ички хавфсизлик агентлиги ходимлари Россия махсус хизмати жосуси сифатида мамлакатда диверсиялар тайёрлашни режалаштираётган олти кишини қўлга олди. Бу ҳақда Wyborcza газетаси хабар берди.

Ички хавфсизлик агентлиги ходимлари темир йўлларда ва транспорт йўлларида поездлар ҳаракатини тасвирга олиб, интернетга узатадиган яширин камераларни аниқлаганлар.

Яширин камералар асосан Подкарпатье воеводасида, жумладан, Жешува шаҳри яқинидаги Jasionka аэропорти атрофида ҳам топилган. Бу Ғарб Украинага етказиб бераётган қуроллар ташилувчи асосий йўлдир.

Бу ҳодиса ортидан Польшадаги барча темир йўл йўналишларида ва миллий йўллар инфраструктурасида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Махсус хизматлар ва полиция ходимлари юқори шайлик ҳолатига келтирилди.

Польша ИИВ 16 март куни бу ҳодиса тафсилотларини жамоатчиликка билдириши кутилмоқда.