Польша парламентининг юқори палатаси бўлмиш Сенат 26 октябрь куни Украинадаги уруш туфайли Россия расмийлари юритаётган сиёсатни террористик режим деб топиш бўйича резолюцияни бир овоздан маъқуллади.
Саксон беш нафар сенатор томонидан ёқланган (уларнинг жами 100 киши бўлиб, қолганлар овоз беришда иштирок этишган эмас) резолюциядан дунёдаги тинчлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби қадриятларни маъқулловчи барча мамлакатларни шу каби қарор қабул қилишга чақириқ ҳам ўрин олган.
Ҳужжатда 2022 йил 24 февралида Россиянинг Украинага бостириб киришидан мақсад украин халқи ва унинг суверен давлатини йўқ қилиш экани айтилган. У ерда қайд этилишича, россиялик ҳарбийлар фуқаровий объектларни бомбаламоқда, асирлар ва ишғол қилинган ҳудудлардаги тинч аҳолини қийноққа солмоқда ва ўлдирмоқда, болаларни “режим яничарлари” қилиб тарбиялаш учун уларни Россияга олиб чиқиб кетмоқда.
Польшалик сенаторлар иддаосича, Россия президенти Владимир Путин ва унга тобе бўлган аппарат Сталин ва Гитлер режимининг шафқатсиз амалиётига қайтган.
Резолюцияда, шунингдек, бу урушда Россия мағлуб бўлиши ва қўшниларига таҳдид қилиш имкониятидан маҳрум бўлиши лозимлиги айтилган.