Тожикистонда Польшадан депортация қилинган мухолифат фаоли Фаррух Икромов 23 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.
Қароргоҳи Польшада бўлган Тожикистондаги сиёсий тутқунларни қутқариш бўйича фуқаролик қўмитаси раҳбари Абдусаттор Бобоев ўтган ҳафтада Икромов Душанбедаги тергов изоляторидан қамоқхонага ўтказилганини билдирди.
Бу маълумотни Озодликка Европада яшовчи тожикистонлик фаол Саидисҳоқ Бобоев тасдиқлаган. Унга кўра, “Тожикистондаги қамоқхонадан яқинда озод қилинган киши” Икромовни тергов ҳибсхонасидан қамоқхонага этап қилинаётган пайтга кўрганини айтган. Фаррух Икромов ўз қариндошларига ўзининг 23 йилга қамалганини айтиб қўйишни сўраган.
Озодликнинг тожик хизмати Икромовнинг яқинлари Тожикистон хорижида яшашини ва суд қарори ҳақида ҳеч нарса билмасликларини қайд этган.
Икромовга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақида расмий маълумот тарқатилган эмас.
36 ёшли Икромов Европада хотини ва икки фарзанди билан яшаб келаётган эди. У жорий йил апрелида Польшадан депортация қилинган. Аввалроқ Польша расмийлари унинг бошпана беришга оид илтимосини рад этишган, шу туфайли у Германияга чиқиб кетган, у ердан Икромов яна Польшага қайтарилган ва ноқонуний мигрантлар лагерида тутиб турилган.
Тожик мухолифати вакиллари Икромов 2023 йил сентябрида Германияда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ташрифи муносабати билан ўтказилган норозилик акциялари иштирокчилари ичида бўлганини айтишмоқда.
Тожикистонлик диссидентлар аввалроқ Европа мамлакатлари сиёсий таъқиблар туфайли мамлакатларини тарк этганлар учун ишончли бошпана бўлмай қолганини иддао қилишган эди. Бундай хулосага улар Австрия, Германия, Литва ва бошқа мамлакатлардан ўз сафдошларини депортация қилиш ҳолатлари кўпайгани ортидан келишган. Халқаро ташкилотлар ЕИ мамлакатларининг бу каби хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилишган.
Ўтган ҳафтада Германия 40 ёшли мухолифат фаоли Дилмурод Эргашевни Тожикистонга депортация қилган эди. Депортация олдидан у “Эмомали Раҳмон режими томонидан муқаррар жазо”дан чўчиб, ўзини ўлдиришга уринган.
Қароргоҳи Венада бўлган Freedom for Eurasia ташкилоти раҳбари Лейла Назгул Сейитбек Озодликка Эргашев ишини кўриб чиқиш ва уни Тожикистондан қайтаришга кўмаклашиш илтимоси билан Европа инсон ҳуқуқлари судига талабнома йўлланганини айтган.