Россиядаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг Марказий Осиё дастурлари бўйича директори Виталий Пономарев Қирғизистондан депортация қилинди. Бу ҳақда “Бир дунё Қирғизистон” ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди.
Пономарев Бишкекда ўтаётган ҳуқуқ ҳимоясига бағишланган фестивалга меҳмон қаторида чақирилган эди. Пономарев 14 ноябрда Бишкекнинг “Манас” халқаро аэропортида чегара назоратидан ўтаётганида қўлга олинган ва депортация қилинган.
Миллий хавфсизлик қўмитаси хузуридаги Чегара хизмати Пономаревнинг депортация қилинганини тасдиқлади.
“Чегара хизмати бошқа давлат органларининг топшириқларини бажаради. Пономаревнинг Қирғизистонга кириши тақиқланган. Жаноб Пономарев ўзининг Қирғизистонга кириши нега тақиқланганини яхши билади. Биз фақат ижрочи ташкилотмиз”, -деди Чегара хизмати матбуот хизмати вакили.
Расмий Понлмаревга Қирғизистонга кириш 2017 йилда тақиқланганини, 2020 йилда бу тақиқ яна узайтирилганини айтди.
“Мемориал” Россияда “хориж агентлари” рўйхатига киритилган. Жорий йилда ташкилот Украинадаги Фуқаролик эркинликларини ҳимоя қилиш маркази ва беларуслик фаол Алесь Беляцкий билан бир қаторда Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлган.
Виталий Пономарев собиқ президент Қурмонбек Бакиев даврида ҳам Қирғизистонга киритилмаган эди. У 2009 йилда “Манас” аэропортидан, иккинчи марта 2010 йилда Қайинди темир йўл божхонасидан Қирғизистонга киритилмай ортга қайтарилганди.