Поп ва Когонда ис гази яна беш кишининг ҳаётига зомин бўлди

Иллюстратив сурат

Наманган вилоятининг Поп тумани ва Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида ис газидан заҳарланиш ортидан ўлим ҳолатлари қайд этилди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Qalampir.uz нашрига маълум қилишича, 18 ноябрь куни соат 7:30 ларда Поп тумани Исковут маҳалласида яшаган 36 ёшли А.Б., унинг 14 ёшли ўғли ва 10 ёшли қизи яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Хонадон бекаси Г.М. ҳам ис газидан заҳарланиб, оғир ҳолатда туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, 12 ноябрь куни соат 17:00 да Когон шаҳри Хива кўчасида жойлашган хонадонда ҳам 1987 йилда туғилган аёл ва унинг 12 яшар ўғли ҳам ис газидан заҳарланиш ортидан вафот этишган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан прокуратура терговга қадар текширув олиб бораётгани айтилмоқда.

Совуқ кунлар тушиши билан мамлакат бўйлаб ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади. Жумладан, жорий йил 22 октябрь куни Жалақудуқ тумани Навоий МФЙда хонадоннинг тўрт аъзоси кўринмас офат сабаб ҳаётдан бевақт кўз юмганди.

Озодлик 18 октябрга ўтар кечаси Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида эр-хотин ва уларнинг уйига келган меҳмон йигит ҳам ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берганди.

Фаоллар ис гази туфайли ўлимлар сони ортишига энергия тақчиллиги ҳам сабаб эканини айтиб келади.