Наманган вилоятининг Поп туманида мактаб директори таътил чоғида ўқитувчиларни ўзларига тегишли бўлмаган вазифаларни бажаришга жалб қилгани тасдиқланди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, Поп тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими Давлат меҳнат инспекцияси 43-мактаб ўқитувчилари мактаб ҳовлисида тозалов ишларига жалб этилганини аниқлаган.
Наманганда педагоглар директор томонидан мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилингани ҳақида аввалроқ Qalampir.uz нашри поплик ўқитувчилардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган эди. Хабарда иддао қилинишича, “мактаб директори М. Марасулова юқорида саналган “қора” ишларни қилишни истамаган ўқитувчилардан 500 минг сўмдан пул талаб қилган”.
Вазирлик хабарномасида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директорига нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (17 миллион сўм) миқдорида маъмурий жарима қўлланилгани билдирилган.