“Фақат мажлис ўтказавериш эмас, катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни ҳурмат қилишни бошлайман”. Ўзбекистон президенти бу гапни 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастри муаммосига бағишланган йиғилишда айтди.
Президентга кўра ер ва кадастр соҳасида жуда катта коррупция мавжуд. Президентга кўра, республика бўйича 30 мингта фермер ва деҳқонга ажратилган ер ҳужжатда қайд этилганига нисбатан 67 минг гектарга кўплиги аниқланган.
“Ҳоким ва прокурорлар бунинг орқасида аниқ пора ва коррупция турибди. Бош прокурор буни ёқадими-ёқмайдими ҳаммага айтиши керак. Пора турибди. Бизда Конституцияга кўра коррупцияга қарши курашадиган энг катта (орган) Бош прокуратура. Конституциявий бурчи булар. Ўртоқ Йўлдошев шуни ҳаммага қаттиқ айтиши керак. Буни орқасида пора турибди, коррупция турибди. Фақат мажлис ўтказавериш эмас, катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни ҳурмат қилишни бошлайман”,-деган президент.
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги 2020 йил 7 сентябрда “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони асосида ташкил этилган эди.
Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, президент мазкур соҳада коррупция авж олганини танқид қилиб чиқди.