Жиззах вилояти Янгиобод тумани прокурорининг ўринбосари 8 минг доллар пора олаётган пайтда қўлга тушгани юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов тасдиқлади.
Исми айтилмаётган прокурор 15 ноябрь куни тахминан соат 16:30 ларда ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Прокуратура ходимининг қўлга олиниши билан боғлиқ бошқа тафсилотлар маълум қилинмади.
12 ноябрь куни Андижон вилоят прокуратураси ходими катта миқдорда пора олаётганда қўлга тушганди. Бош прокуратура расмий билдирувида прокуратура ходими 15 минг доллар пора олаётганда ушлангани айтилади. Бироқ айрим нашрлар ва блогерлар ўз манбаларига таянган ҳолда прокурор олган пора миқдори камида 30 минг доллар бўлганини иддао қилмоқда.
Сентябрь ойида Жиззах вилоятида туман прокурори 2 минг доллар, Самарқанд вилоятида туман прокурори ўринбосари 10 минг доллар пора олаётганда қўлга тушгани хабар қилинган.