Бишкекда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Россиянинг “Порнофильми” панк гуруҳи концерти ўтказилишига йўл қўймади. Бу ҳақда гуруҳнинг расмий инстаграм саҳифасида маълум қилинди. Гуруҳ президент Владимир Путин сиёсатига ва Украина урушига норозилик билдириб келаётганди.
Концерт 10 июнь куни Бишкекдаги клублардан бирида ўтказилиши лозим эди. “Порнофильми” гуруҳининг билдиришича, клубга «ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари келиб таҳдид қилган». Гуруҳ концерт ўтказиш учун бошқа майдонча топа олмаган. «Бишкекдаги барча майдончаларга концертимизни ўтказишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида очиқ кўрсатма берилган», деб билдирди гуруҳ.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари «Порнофильми» концертини нега тақиқлагани тўғрисида расмий ахборот йўқ. Аввалроқ гуруҳнинг Қозоғистондаги концертлари ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказилган эди.
Қирғизистонда Россияда қидирувга берилган сиёсий фаоллар қўлга олинган ва Москвага экстрадиция қилинган эди. Жумладан, 4 июнда Бишкекда «Инсон ҳуқуқлари учун» ҳаракатининг собиқ матбуот котиби Алёна Крилова қўлга олинди. У Россия ҳукумати томонидан экстремистик деб топилган «Сўл қаршилик» ҳаракати фаолиятида иштирок этганликда айбланмоқда. Крилованинг қўлга олинганидан кейинги тақдири ҳозирча номаълум.
6 июнда эса Қирғизистон Россияга Свердловск вилоятидаги военкоматлардан бирига ўт қўйганликда гумонланаётган Алексей Рожков экстрадиция қилинди. 9 июнда Бишкекда “Сўл блок” ҳаракати фаолия Лев Скорякин ушланди.