Порнография инсон жинсий фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?

Иллюстратив сурат.

Янги изланиш натижаларига кўра, ҳақиқий жинсий алоқадан кўра порнографияни афзал кўрадиган эркаклар реал шерик билан алоқа қила олмайдиган бўлиб қолиши мумкин.

Порнографияга берилган эркакларда эректиль дисфункция кўпроқ учрайди. Шунингдек, уларда жинсий алоқадан қониқиш озаяди.

Изланувчилар Сан-Диего урология клиникасига даволаниш учун келган 20-40 ёшдаги 312 киши орасида сўров ўтказган.

Сўров иштирокчиларининг атиги 3,4 фоизи ҳақиқий жинсий алоқадан кўра порнографияни маъқул кўришини айтган.

Аммо етакчи изланувчи доктор Мэттью Кристман изланиш давомида порнографияга берилиш ҳамда жинсий дисфункция ўртасида статистик боғланиш борлиги аниқланганини айтди.

“Бу ёшдагилар орасида эректил дисфункциянинг органик сабаблари оз учрайди. Шундай экан, вақт ўтиши билан бу гуруҳ орасида эректиль дисфункция нима сабабдан кўпайгани сабабларини аниқлаш керак”, деди Кристман.

Докторнинг айтишича, эректиль дисфункция сабабларидан бири порнографиядир.

Кристманга кўра, порнографияга қарам бўлиб қолганлар гиёҳвандлар каби қониқиш учун борган сари кўпроқ талаб қилади. Порнографияга берилганларнинг оддий, ҳақиқий жинсий фаолиятдан қониқиши қийин бўлиб қолади.

Порнография яна ёш ва тажрибасиз эркаклар орасида ҳақиқатдан йироқ истакларни юзага келтиради. Натижада ҳақиқий жинсий алоқа фильмлардаги фантазияларга мос келмагач, улар ташвишга тушиб қолади.

48 аёл орасида ўтказилган алоҳида сўров натижалари аёлларда порнография ва жинсий дисфункция ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқлигини кўрсатди. Сўровда қатнашган аёлларнинг 40 фоизи порнография кўришини айтган.

Эркаклар орасида ўтказилган изланиш натижалари ўсмирлар порнографияга берилса, уларнинг жинсий фаолияти бузилиши мумкинлигини кўрсатади.