Поезд билан тўқнашувда Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

Наманган вилоятида рўй берган поезд ва автомобиль тўқнашуви оқибатида 63 ёшли ҳайдовчи ҳалок бўлди.

Фожиа 9 ноябрь куни эрталаб Уйчи – Чортоқ темирйўл бекатлари оралиғининг 118-километридаги қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида рўй берган, дея маълум қилди вилоят ИИБ ЙҲХБ.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси версиясига кўра, 1961 йилда туғилган ҳайдовчи Damas русумли автомашинани бошқариб, “Тўхташ” ишораси белгисига амал қилмай темирйўлда ҳаракатланиб келаётан тепловознинг юк вагонига урилган. Оқибатда у оғир жароҳатланиб воқеа жойида вафот этган.

Электровоз машинисти тезкорлик билан шошилинч тормозни босган, аммо тўқнашувнинг олдини олиш иложи бўлмаган”, дея вазиятга ойдинлик киритган “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизмати.

Наманган вилоятида бундан 6 йил аввал ҳам Damas ва поезд тўқнашуви рўй берганди.

2018 йил 8 октябрь куни Поп тумани Уйғур қишлоғи ҳудудида жойлашган қўриқланадиган темирйўл кесишмасида рўй берган тўқнашувда енгил автомобилда бўлган йўловчилардан 2 нафари ҳалок бўлган, 5 нафари эса оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилган эди.