Пойтахт ҳокими Умурзоқов сув тошқини учун айбни қисман фуқаролар зиммасига юклади

Тошкент шаҳри ҳокими в. б. Шавкат Умурзоқов

Тошкент шаҳри ҳокими в. б. Шавкат Умурзоқов маҳаллий журналистлар билан суҳбат чоғида пойтахтнинг дренаж тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб чиққани ва кўчаларни сув босишида одамларнинг ҳам айби борлигини урғулади.

“Ўзимиздан ҳам айб қидирайлик, 20−30 фоиз дренажларни фуқароларнинг ўзи уй қуриш жараёнида ёпиб юборган. Биз бу нарсаларни ўрганиб, аниқлаб бўлдик”, дея иқтибос келтирган Умурзоқов сўзларидан Kun.uz нашри.

Пойтахт ҳокими чиқарган қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ёғингарчилик даврида сув тошишининг олдини олиш мақсадида дренаж ва коллекторларни таъмирлаш ва бетон қувур ётқизиш учун 700 миллион сўм ажратилади.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармасидан ажратиш кўзда тутилган мазкур маблағни ҳисобидан кўчаларга бетон қувур ётқизиш ишларини ҳам амалга ошириш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 2 апрелида пойтахт кўчаларини сув босгани ортидан президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека дастурига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига икки ҳафта ичида дренаж тизими билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш бўйича дастур қабул қилиш ва амалга ошириш юзасидан топшириқ берган эди.