Тошкентнинг Чилонзор тумани еттинчи кварталида жойлашган 59-уйда 3 октябрь куни соат 22:13 да газ портлаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса етти қаватли уйнинг 36-квартирасида рўй берган.
Қайд этилишича, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун 5 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига дарҳол етиб борган.
Вазирлик ҳодиса чоғида уйда яшовчилардан ҳеч ким жабрланмагани, қурбонлар йўқлигини, айни пайтда бир неча квартирага қисман зарар етиб, дераза ва эшиклар шикастланганини билдирган.
Ҳозирда портлаш сабаблари ўрганилаётганини урғулаган ФВВ ҳодиса ортидан 17 нафар уйи шикастланган фуқаро вақтинчалик меҳмонхонага жойлаштирилганини қўшимча қилган.