Прага магистрати Чехия ҳукуматини Россия элчихонаси майдонини ўзгартириш масаласини Россия томони билан муҳокама қилишга чақирди.
Чехия пойтахти маъмурияти Стромовка боғи ҳудудининг 1968 йили Варшава шартномаси қўшинлари Прагага бостириб кирганидан сўнг СССР элчихонаси ихтиёрига ўтиб қолган ва ҳозирда Россия элчихонаси тасарруфида бўлган қисмини рус дипмиссиясидан қайтариб олишни таклиф қилмоқда.
“Орадан 53 йил ўтиб, Стромовканинг бир бўлаги ниҳоят ишғолдан озод қилинмоғи керак”, деб ёзган Twitter'да Прага-7 тумани оқсоқоли Ян Чижински.
Lidovky.cz нашри хабарига кўра, магистрат Россия элчихонаси ходимларининг автоуловлари учун мўлжалланган тураргоҳдаги парковка ўринлари сонини ҳам қисқартирмоқчи.
Прага маъмуриятининг таклифи ўтган ҳафта Чехия ҳукумати 2014 йил октябрида Врбетице қишлоғидаги ўқ-дори омборида юз берган портлашда Россия махсус хизматларининг қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот бергани ортидан билдирилмоқда.
Шанба куни Чехия бош вазири Андрей Бабиш ҳамда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ян Гамачек Прагадаги Россия элчихонасининг 18 нафар ходими мамлакатдан бадарға қилинишини маълум қилган — ушбу ходимлар аслида рус разведка идоралари учун хизмат қилиши айтилмоқда.
Эртасига расмий Москва Чехия элчихонасининг 20 нафар хизматчисини Россиядан чиқариб юбориш ҳақида кўрсатма берган.
Россия ҳукумати Чехиянинг хатти-ҳаракатини қуруқ ва тўқима важлар таъсирида қабул қилинмиш мисли кўрилмаган қарор, деб атаган.