Прага Россия элчихонаси ва консуллигининг 62 ходимини бадарға қилади

Россиянинг Прагадаги элчиси Александр Змеевский Чехия ТИВ биносидан чиқишда, 2021 йил 21 апрели

Россия май ойи охирига қадар ўзининг Чехиядаги дипломатлари штатини Москвадаги чех дипломатик миссияси ходимлари сонига баробар қилиб қисқартиради. Бу ҳақда 22 апрель куни Чехия ташқи ишлар вазири Якуб Кулганек маълум қилган. Мазкур қисқартиш 62 киши иш фаолиятини тўхтатишини англатади.

Чоршанба куни Прага Москвадан 22 апрель чошгоҳ вақтига қадар Россиядаги Чехия элчихонасининг 20 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини қайта кўриб чиқишни талаб қилганди. Вазирга кўра, Москва ушбу талабга жавоб бермаган.

Кулганекнинг таъкидлашича, Чехия Россия билан муносабатлари кескинлашишини хоҳламайди, бироқ чех ҳукумати олдида бошқа йўл қолган эмас. “Биз бу қароримизнинг Россия давлатига, унинг Чехия Республикасида яшаб турган, таълим олаётган ва ишлаётган фуқароларига таҳдид ўлароқ талқин қилинишини истамаймиз”, деган вазир Кулганек.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш президент Милош Земан ҳам ҳукуматнинг хатти-ҳаракатларини ёқлаганини маълум қилган. Земан Чехияда россияпараст сиёсатчи саналади.

Аввалроқ Чехия Сенати ҳукуматни Россия билан тузилган дўстлик шартномасини бекор қилишга ҳамда Россиянинг Прагадаги элчихонаси ходимлари сонини бир нафарга қадар қисқартиришга чақирганди.

Россиянинг Марказий Европа мамлакатларидаги элчихоналари, бошқа давлатлар ваколатхоналарига қиёсан энг катталари ҳисобланади. Европа Иттифоқи ва НАТО чех ҳукуматининг Россия дипломатлари сонини қисқартириш қарорини маъқуллаган. Чоршанба куни Словакия россиялик уч нафар дипломатни мамлакатдан бадарға қилишини эълон қилган.

Россия ҳукумати Чехия элчихонасининг 20 нафар ходимини Праганинг россиялик 18 нафар дипломатни бадарға қилиш қарорига жавобан мамлакатдан чиқариб юбормоқда.

Чехия ҳукумати маълумотига кўра, “исталмаган шахс”лар деб эътироф қилинган 18 нафар дипломат 2014 йилда Врбетицадаги ўқ-дори омборлари портлашига алоқадорликда гумон қилинаётган Россия махсус хизматлари билан алоқада бўлган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков расмий Праганинг айбловларини рад этган. У Чехия томонидан кўрилаётган чораларни “оқилона эмас ва икки мамлакат муносабатларига зарар етказувчи чоралар”, деб атаган.

Чехиянинг Москвадаги элчиси 22 апрель куни Россия ТИВга чақирилган. Икки мамлакат дипмиссиялари ўртасида қатъий паритет сақланишига, яъни элчихоналарда 7 нафардан дипломат ва 25 нафардан техник ходим ишлашига келишилган.