Прагада “Капутин” фаоллар гуруҳи шаҳар марказига ва Беларусь элчихонаси олдига тилла унитазга ўтқизилган Владимир Путин ва Александр Лукашенко қўғирчоқларини олиб чиқишди. Мазкур акция ҳақида фаолларнинг “Фейсбук”даги саҳифаси орқали маълум қилинган.
Баёнотда ушбу акция “золимлар”нинг Чехия дохил бутун дунёга қарши олиб бораётган “гибрид уруш” ҳақида эслатма экани айтилган.
“Ушбу норозилик орқали биз замонавий Европанинг икки энг мустабид тузуми – Россия ва Беларусдаги вазиятга эътиборингизни тортишни истадик. Мазкур режимларни нафақат расмий “Иттифоқ давлати” билан, балки инсон ҳақларига ҳурматсизлик, ўз халқи эркини ва мухолифатни бўғиш сифатлари билан ҳам ўзаро боғланган”, дейишган фаоллар.
“Капутин” гуруҳи вакиллари жорий йилнинг 16 апрелида ҳам Россия элчихонаси биноси олдига қўғирчоқ Путинни ўрнатишган эди. Акция мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоққа олиниши, Россияда инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳамда Москванинг Украинага қарши агрессиясидан норозилик белгиси сифатида ўтказилган.
Европа Иттифоқи расмийлари Литва, Латвия ва Польша чегараларидаги миграция инқирозини “гибрид уруш”нинг бир бўлаги деб ҳисоблайди. Уларга кўра, ЕИ ҳудудига ўтиб кетиш илинжида бўлган яқин шарқлик мигрантлар Беларусь маъмурлари томонидан чегарага етказилмоқда.