Тошкент, Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида янги ўқув йилидан иш бошлайдиган Президент мактабларига потенциал ўқувчилардан ҳужжатларни қабул қилиш 1 июндан бошланади.
Бу маълумотни Озодлик “Ўзбекистон Республикаси президент мактаби” лойиҳаси масъул ходимидан олди.
Давлат раҳбари "Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни 2019 йил, 20 февралда имзолаган эди.
Президент мактабларида ўқиш инглиз тилида олиб борилади ва айнан шу ҳолат, мактаблар очилмай турибоқ, жамоатчилик танқидига учрашга улгурган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Фарзандини Президент мактабига бермоқчи ота-оналар ўқисин
“Ўзбекистон Республикаси Президент мактаби” лойиҳасининг ўзини Илҳом, деб таништирган менежери 28 май куни Озодлик саволларига жавобан қуйидаги маълумотларни берди:
- Президент мактаблари бу йил фақат 4 та ҳудуд:Тошкент, Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида очилади;
- Ўқувчи фақат ўзи яшаётган ҳудуддаги Президент мактабига қабул қилинади;
- Президент мактаби бу йил очилмайдиган вилоятлардаги болалар бундай мактаблар очилгунича кутиб туришга мажбур; (ХТВ Ахборот хизматига кўра, Президент мактаблари Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 2020 йили, Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 2021 йили очилади);
- Президент мактаби Мактаб-интернатдир. Ўқувчилар ҳафтанинг 5 кунида кеча-кундуз ўқув юртида бўлади, дам олиш кунларини ўз уйида ўтказиши мумкин;
- Президент мактаби бепул. Ўқувчининг ўқув қуроллари, кийим-боши, овқат-озиғи учун ҳаражатлар тўлалигича давлат зиммасида; ота-оналар “бир тийин ҳам тўламайди”;
- Президент мактабига кириш учун 3 та ҳужжат, шу жумладан жорий ўқув йили якуни бўйича баҳолар табели топширилади. “Ҳужжатлар синови”дан ўтган ўқувчилар имтиҳон топширади;
- Имтиҳонни англиялик мутахассислар қабул қилади;
- Ҳужжатларни онлайн (pm.xtv.uz сайти орқали) ёки қуйидаги манзилларга шахсан бориб топшириш мумкин:
- Тошкент шаҳри - Mirzo Ulug’bek tumani, Salom ko’chasi, 1;
- Нукус шаҳри - Olloyor Doʻstnazarov koʻchasi,
- Ibrohim Yusupov nomli Davlat ixtisoslashgan maktab internati;
- Xива шаҳри - R.Majidiy ko’chasi, 12 Xiva shahar xalq ta’limi bo’limi;
- Наманган шаҳри - Boborahim Mashrab ko‘chasi, Barkamol avlod bolalar markazi;
Бу маълумотларни берган “Ўзбекистон Республикаси Президент мактаби” лойиҳаси менежерининг Озодликка яна айтишича, кириш имтиҳонлари ўзбек (қорақалпоқ) ва инглиз тилларида қабул қилинади. Имтиҳонлар қачон ва қаерда ўтказилиши қўшимча хабар қилинади.
Президент мактабининг ташкилий жиҳатдан оддий мактабдан фарқи нимада?
Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматига кўра, Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 ўқувчидан иборат бўлиб, 2 та синфга бир хил: 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида 5−10-синфлар учун ҳар бир мактаб 144 нафардан ўқувчи қабул қилади.
“Президент мактаби” лойиҳасига кўра, бу йил қабул қилинадиган 10- синф келаси йили 11- синф бўлади ва мактаб тугал шакллантирилади.
Тугал шакллантирилгач, Президент мактабида ҳаммаси бўлиб 14 та синф бўлади, ҳар бир синфда эса, 12 нафардан ортмаган ўқувчи ўқийди.
Президент мактаби ишга тушириладиган йилда 5- синфдан ташқари 6-, 7-, 8-, 9- ва 10- синфларга ҳам ўқувчи қабул қилинади, иккинчи йилдан бошлаб эса, ўқувчилар фақат 5- синфга қабул қилинади.
“Президент болалари” нимани ўқийди?
“Президент мактаби” лойиҳаси расмий сайтига кўра,
Президент мактаб-интернатларида ўқитиш учун STEAM таълим тизими танланган. STEAM Science (Фан), T – Technology (Технология), E – Engineering (Муҳандислик), A – Art (Санъат) ва M – Mathematics (Математика) сўзлари бош ҳарфларидан тузилган қисқартма отдир.
Президент мактабида STEAM фанлари 5-синфдан бошлаб инглиз тилида ўқитилади.
Танқидга учраган вазир ёки Табақаланишга қаршилар овози
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жорий йил эрта баҳорида ижтимоий тармоқлар орқали ота-оналарга “Фарзандингиз Президент мактабларида ўқишини истасангиз, инглиз тилини ўргатишни бошланг”, деган чақириқ билан чиққан, вазирнинг бу чақириғи жамоатчиликда мунозара уйғотган, мунозара маҳаллий матбуотга ҳам кўчган эди.
Хусусан, “Ишонч” газетасида эълон қилинган очиқ хат муаллифи Президент мактаблари учун инглиз тилини билиш асосий шарт қилиб қўйилаётганини танқидий баҳолар экан, жумладан, бундай ёзган:
“Биз она тилимиз, миллий-диний қадриятларимиз, урф-одатларимиз оёқости қилинган, хўрлик-ситамларни бошидан ўтказган халқмиз. Мустақиллигимизга 28 йил, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни қабул қилганимизга 30 йилга яқин вақт бўлаётган эса-да, тилимиз ҳали-ҳамон биз истаган даражада ўз нуфузига эга бўлганича йўқ”.
Ижтимоий тармоқлардаги баҳсга қатнашган айримлар эса, мактабларни "Президент мактаби" тарзида табақага ажратмай, барча мактабларни бирдай ривожлантириш лозимлиги тўғрисида фикр билдирган.
Хос мактабларни ташкил этишдан мақсад нима?
Бу савол жавоби Шавкат Мирзиёев 2019 йил, 20 февралда имзолаган "Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда мавжуд. Унда қайд этилишича, мақсад “иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш”дир.
Қарорда бошқа бир қатор мақсад ва вазифалар санаб ўтилган.
Мирзиёевнинг таълим соҳасидаги ислоҳоти
Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг давлат тепасига келган Шавкат Мирзиёев бошқа соҳалар қаторида халқ таълими соҳасини ҳам ислоҳ қилишга уринмоқда.
Каримов даврида шакллантирилган 9 йиллик умумий таълим + 3 йиллик касб таълими тизимини Мирзиёев бекор қилди, мамлакат бўйлаб қурилган юзлаб коллеж бинолари бўшаб қолди.
9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими 1997 йил 29 августда имзоланган "Таълим тўғрисида"ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида жорий қилинган эди.
Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 йиллик таълимни қайта тиклади. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, бу йил 279 минг нафар ўқувчи 11 йиллик таълим тизимининг илк битирувчилари бўлди.