OzodDayjest: Йирик жиноий тўдани фош қилган прокурор даҳшатли қийноққа солинганини айтди

Қийноққа солинганини айтган собиқ прокурор Фарҳод Шайманов.

Сенат раиси Танзила Норбоева ногиронлар сарсон қилинаётганидан баҳс этди. Қийноққа солинганини иддао қилган собиқ прокурор лавозимига қайта тикланишини талаб қилмоқда. Йўловчи ҳаётига зомин бўлган ИИБ мансабдори сувдан қуруқ чиқишга уринди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Танзила Норбоева: “Қўли йўқ фуқаро йилига 2-3 марта шифохонада ётиб ногиронлигини исботлаши керак”


Ўзбекистонда ногиронлик масалаларида тизимли муаммолар кўпайиб кетган (“Даракчи”, 5 март). Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида шундай хулоса эълон қилинган. Қайд этилишича, тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) фаолиятини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас, марказларда шифокор етишмайди. Сенат раиси Танзила Норбоевага кўра, тиббий кўрикдан ўтиш тартиби мураккаблашиб кетгани оқибатида ногиронлар сарсон бўлмоқда. “Масалан, қўли йўқ бўлган фуқаро ҳар йили 2-3 мартадан шифохонада ётиб, ногиронлигини тасдиқлаши керак. Бу билан унинг шу аъзоси ўсиб чиқмайди-ку!” деган Т.Норбоева.

Амалдаги тартибга кўра, қўл-оёғи ампутация қилинганлар, болаликдан туғма ногиронлар ногирон деб топилиши учун 4 ойдан 6 ойгача даволанишга мажбур бўлмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 732 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқаролар яшайди. Кейинги уч йилда улар сони 3 баробар ошган.

Собиқ прокурор: Тергов жараёнида тирноқларим орасига игна тиқиб азоблашган


Қашқадарё вилояти прокурори биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган Фарҳод Шайманов бундан 12 йил аввал “Шўртан газ” мажмуасидаги ўғриликларни фош қилгани ортидан таъқиб ва тазйиққа учраганини билдирди (www.uza.uz, 2 март). Қайд этилишича, у 2008 йилда ўша вақтда мамлакат бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан йирик мажмуадаги бензин конденсати ўғриларини йўқ қилишга киришади. Ф.Шаймановга кўра, Ўзбекистон миллий бойлигини ўғирлаб сотаётган йирик “Шайна” жиноий тўдасини қўлга олиш унга жуда қимматга тушади. Иш муваффақиятли якунланганига қарамай, у собиқ бош прокурор томонидан лавозимидан бўшатилади, сўнг пора олишда айбланиб қамалади. Собиқ прокурорга кўра, қамоқда унга даҳшатли азоб берилган, хусусан, тирноқлари орасига игна тиқилган. У айбига иқрор бўлмаса-да, озодликдан маҳрум этилади. Ф.Шайманов бир йилу икки ой қамоқ ўтиргач, амнистия билан озодликка чиқади. 2018 йил апрель ойида Ф.Шайманов оқланган. Бироқ унга келтирилган маънавий ва моддий зарар қопланмаган. Шайманов лавозимга қайта тиклашларини талаб қилмоқда.

ИИБ мансабдори хизмат машинасида йўловчи аёлни босиб кетди


Наманган вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқарма бошлиғи Б.Д. бир инсон ҳаётига зомин бўлди (“Ҳуқуқ”, 5 март). У Чуст тумани Резак кўчасида кетаётган аёлни босиб кетган. Аёл оғир жароҳатдан шифохонада вафот этган. Маълум бўлишича, ЙҲХБ бошлиғи Б.Д. ўзига бириктирилган хизмат машинасида ўзбошимчалик билан, раҳбариятни огоҳлантирмай Тошкентга борган. Чарчагани ва уйқу элитаётганига қарамай рулга ўтирган ва пойтахтдан қайтаётганда ушбу фожиа рўй берган. Қайд этилишича, ИИБ мансабдори терговда ёлғон кўрсатма бериб, сувдан қуруқ чиқишга уринган. Аммо бош прокуратура олиб борган терговда пировардида ҳақиқат юзага чиққан. Марҳуманинг яқинлари айбланувчи улардан узр сўрагани, дафн маросими харажатлари ва бошқа моддий зарарларни қоплагани учун суддан енгиллик сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқарма бошлиғи Б.Д.ни бир йилга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 1 йил 7 ой 6 кун муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинлаган.