OzodDayjest: Эксперт: Ўзбекистон 25 йилда дунёдаги 40 та энг камбағал давлатлар қаторига тушиб қолди

Блогер Х. Худойбердиев қонун ҳокимлар билан оддий фуқароларга нисбатан бир хил ишламаётганини танқид қилди. Таниқли иқтисодчи Ўзбекистон ҳукуматига ўйин қоидаларини ўзгартиришни тавсия қилди. Наманганлик йигит фоҳишахона манзилини айтмаган кекса аёлни уриб ўлдирди.

_____________________________________________________________

Муштумзўр ва сўконғич ҳокимларни аёвсиз жазолаш талаб қилинди


Ўзбекистонда 200 нафардан зиёд ҳоким бўлса, уларнинг барчаси сўкмайдиган ёки урмайдиган бўлиши учун камида 200 йил керак, деб ёзади ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев (www.xabar.uz, 3 март).

Муаллиф қонунчиликдаги адолатсиз нуқтага эътибор қаратган.

“Бир нарса мени доим ҳайрон қолдиради. Қизиқ-да, масалан, ҳоким фуқароларни сўкса, қонун бўйича маъмурий жазо берилади (максимум 40 минимал жарима). Агар тескариси, яъни оддий фуқаро ҳокимни сўкса, унда бу тўғридан-тўғри жиноят бўлади ва ҳатто 1 йилгача қамалиши ҳам мумкин... Ёки ҳоким ҳақорат қилгани учун ҳам жиноий жавобгарлик белгилансин (ахир у катта амалдор, унинг ҳаракати давлат имижига путур етказади), ёки аксинча оддий фуқаролар ҳокимни ҳақорат қилгани учун дарҳол жиноятчи сифатида қаралмасин”, деб ёзади у.

Блогер давлатнинг бирдан-бир манбаи бўлган халқ ҳокимтўралардан қуйи ўринда туриши мумкин эмаслигини таъкидлаб, муштумзўр ва сўконғич ҳокимларни ҳам аёвсиз жазолашни талаб қилган.

“Ҳоким ким? Халқнинг пулидан ойлик олиб, аслида халққа хизмат қилиши керак бўлган хизматчими ёки фақат Президентга хизмат қилишга бел боғлаб, халқни писанд қилмайдиган ва ўз ҳудудида мутлоқ ваколатга эга бўлволиб (қонунан эмас, оғзаки), ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган шаҳаншоҳми?” дея савол қўяди Х.Худойбердиев.

Иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда ислоҳотлар йўлидаги энг катта муаммони очиқлади


Ўзбекистон сўнгги 20-25 йилда дунёдаги 40 та энг камбағал давлатлар қаторига тушиб қолди, деди Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Тошкентда ўтказилган халқаро анжумандаги маърузасида (www.kun.uz, 3 март). Иқтисодчига кўра, Ўзбекистон ривожланган иқтисодиётни қуришни истаса, ўйин қоидаларини ўзгартириши лозим. Қайд этилишича, мамлакатни қашшоқликка домига тортган ўйин қоидаларининг асосий қисми 1996 йилдан кейин, иқтисодиёт қонунлари унутилиб, иқтисодий ривожланишнинг шахсий модели қурила бошлаганда пайдо бўлди.

“Биз кўпроқ жаҳон бозорларига ёпиқ бўлган, асосий ролни давлат амалдорлари ўйнайдиган, (ресурсларни улар тақсимлайди, нархларга ва алмашинув курсига таъсир кўрсатади), рақобат муҳити кучсиз бўлган иқтисодиётни қурдик”, дейди Ю.Юсупов.

Иқтисодчи мамлакат раҳбариятига мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, сунъий монополияларга барҳам бериш, суд тизими ва эскирган давлат бошқарувини янгилаш каби чораларни таклиф этган.

Наманганда 74 ёшли аёлни уриб ўлдирган қотил 20 йилга қамалди


Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди маст ҳолда 74 ёшли Надежда Кутянани шафқатсизларча уриб ўлдирган Шариф Отабоевга ҳукм ўқиди (www.daryo.uz, 4 март). Ярим тунда маст ҳолатда қайтаётган йигит кекса аёлдан дам олиш учун қаердан фоҳиша топиш мумкинлигини сўраган. Аёл унга қўпол жавоб қилиб, “бориб онанг билан дам ол”, деб айтган. Бундан ғазабланган йигит аёлни аёвсиз калтаклаб ўлдирган.

Тергов жараёнида Шариф Отабоевнинг 2018 йилда талончилик жиноятини содир этиб судлангани ва унга нисбатан беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ойдинлашган.

Маҳкама Ш.Отабоевни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмида (қасддан одам ўлдириш) кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топган ва унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.