Хоразмда қариндошлари ғайриинсоний усулда жазолаган йигит оламдан ўтди. Видеокамерага тушган 5627 та автоулов жарима майдонига келтирилди. Ўзбекистонда гўдаклар ва оналар ўлимига кўпинча анемия (камқонлик) сабаб бўлаётгани урғуланмоқда.
________________________________________________________________
Хоразмда қариндошлари томонидан “самосуд” қилинган йигит ҳаётдан кўз юмди
Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи 20 ёшли йигит қариндошлари томонидан жазоланиши оқибатида оламдан ўтди (“Ҳуқуқ”, 8 июнь). Отаси Россияга ишлагани кетгач назоратсиз қолган йигит эгри йўлларга юриб, онасига бўйсунмай қўйган. Бундан хавотирланган она қариндошларини чақириб, ўғлининг ақлини киргизиб қўйишни сўраган. Қариндошлар эса бебош жиянларини чала қурилган уйга қозиқ қоқиб боғлаб қўйган. Бир неча соат қўли боғлиқ ҳолда қолиб кетган йигит нафас олишга қийналиб, жон таслим қилган. Марҳум йигитни қонунга хилоф равишда, ғайриинсоний усулда жазолаган қариндошлари жиноий жавобгарликка тортилгани хабар қилинган. “Фақат қонунгина инсонни жазога тортиш ҳуқуқига эга”, деб эслатади прокуратура нашри.
“ГАИ” жарима тўламаган ҳайдовчиларнинг машиналарини жарима майдонларига олиб кетмоқда
Тошкент шаҳрида видеокузатув мосламалари орқали қайд этилган қоидабузарликларни содир этган ва 60 кун давомида белгиланган жаримани тўламаган ҳайдовчиларнинг автоуловлари жарима майдонларида олиб кетилмоқда (“Постда”, 3 июнь). Жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра, 5 минг 627 та транспорт воситаси жарима майдонига қўйилган. Маълум қилинишича, энг кўп қоидабузарлик (32 марта) содир этган Б.А. га тегишли “ВАЗ-2103” (давлат рақами белгиси 10 J 506 FA) машинаси ҳам айни пайтда жарима майдонида сақланмоқда. 21 марта қоидабузарлик содир этиб, жарима тўлашни пайсалга солган “Спарк” (давлат рақами белгиси 01 T 885 TA) автоуловини эса ушлаш чоралари кўрилмоқда. ИИВ нашри қоида бузган ҳайдовчиларни 60 кундан ошмасдан жарималарни тўлашга ва йўл қоидаларига риоя этган ҳолда ҳаракатланишга чорлаган.
Матбуот: Нега айрим вилоятларда болалар ўлими юқорилигича қолмоқда?
2017 йилнинг икки ойи давомида Ўзбекистон бўйича 1103 нафар чақалоқ нобуд бўлган (“Оила даврасида”, 8 июнь). Хотин-қизлар қўмитасига кўра, бу ҳолат Фарғона вилоятида 98 та, Сирдарёда 46 та, Наманганда 129 та, Қорақалпоғистон Республикасида 75 тани ташкил этган. “Ҳомиланинг етарли ривожланмаслиги сабаблари турлича. Асосийси – ҳомиладор аёлда тиббий саводхонлик етишмаслиги ва лоқайдлигидир. Гўдаклар ва оналарда қайд этилаётган ўлим кўпинча анемия (камқонлик) оқибатидир”, дейди Тошкент вилоятида фаолият юритувчи акушер-гинеколог Малоҳат Юнусова. Ҳомилага салбий таъсир этувчи сабаблар сифатида нурланиш (телефон ва компьютердан меъёрдан ортиқ фойдаланиш), шамоллаш, туғруқ орасидаги муддатнинг қисқалиги, қариндошлар никоҳи, эрта ҳомиладорлик, тўйиб овқат емаслик, турли инфекциялар кабилар ҳам кўрсатилган.