OzodDayjest: Қозоғистон Ўзбекистондан анор экспортини нима учун тақиқлаган?

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонликлар Шенген визасини олишда камситилаётгани айтилди. Қозоғистон ўзбек анори экспортини япон қурти сабаб тақиқлаган. Ғалла даласининг ёқилиши лайлак полапонлари ҳаётига хавф туғдирмоқда.

_____________________________________________________________

Тошкентлик журналист Европа иттифоқи расмийсини иккиюзламачиликда айблади

Тошкентлик журналист Никита Макаренко Еврокомиссиянинг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий комиссари Федерика Могеринининг Марказий Осиё билан дўстлик муносабатлари хусусидаги мақоласини кескин танқид қилди. Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари билан учрашув арафасида мақола ёзган Ф. Могерини ЕИ минтақа билан ҳамма даврдан ҳам яқинроқ эканини таъкидлаган. Н. Макаренко эса Телеграмдаги саҳифасида юқори мартабали арбобнинг ушбу баёнотини “европача иккиюзламачилик”, деб атаган.

“ЕИ бизга ҳатто учинчи дунё мамлакати деб ҳам қарамайди, тўртинчи дунё мамлакати сифатида муносабатда. Оддий мисол – Шенген визаси бериш жараёнида бизнинг фуқароларга қандай муносабатда бўласизлар?!

Ҳар гал шармандалик ва хўрлик. Ўша Европасига бормай қўяқолай дейсиз. Ёстиқдек папкада 25 хил ҳужжат йиғиб келишингиз керак. Ҳар бир қоғозда “туя эмаслигингиз”ни исботлашингиз талаб этилади. Сизга худди ашаддий жиноятчи каби қарашади”, деб ёзади журналист.

Қайд этилишича, шунча қоғозбозликдан кейин элчихоналар ё бир марталик виза беради, ё сўровни рад этади. Ҳолбуки, ЕИ мамлакатлари муносабатлар ҳамиша таранг бўлган Россия фуқароларига ҳам кўп марталик визани пирожка каби тарқатади.

Қозоғистон нега Ўзбекистон анори экспортини тақиқлагани сабаби очиқланди

Қозоғистон Ўзбекистонда етиштирилган анор экспортини нима сабабдан тақиқланганига ойдинлик киритилди (“Ҳуррият”, 3 июль). Қайд этилишича, Ўзбекистонда етиштирилган анордан “pseudococcus comstocki” ёки комсток қурти топилган. Шундан кейин қўшни давлат Ўзбекистондан анор олиб киришни вақтинча тақиқлаган. Томонлар ўртасида музокаралардан кейин 14 мартдан фитосанитар чеклов бекор қилинган. 1939 йилда Япониядан келтирилган тут кўчати орқали Ўзбекистонда ҳам тарқалган ушбу қурт ўта хавфли зараркунандалардан саналади. Ҳашарот 300 га яқин ўсимликка қирон келтиради. Маълумотларга қараганда, 2019 йилнинг бир ярим ойи давомида Ўзбекистон Қозоғистонга 700 тоннадан зиёд анор экспорт қилиб, бир миллион долларга яқин даромад қилган. Таъкидланишича, комсток қурти тарқалмаганида бу кўрсаткич янада юқори бўлар эди.

Ғалла даласининг ёқилиши лайлак полапонлари ҳаётига хавф солмоқда

​Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида ғалла далаларига ўт қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда (“XXI аср”, 4 июль). Кўкка ўрлаган аччиқ қора тутун эса ҳали қаноти қотмаган, учирма бўлмаган полапонлари бор лайлакларнинг уяларига қадар етиб борган. Гувоҳларга кўра, ночор қолган она лайлаклар ўз уялари атрофида айланиб, нола чеккан. Қайд этилишича, дала ва аҳоли пунктларида ўсимлик қолдиқларини ёқиш учун жарима у қадар катта эмас. Шу боис фермерлар олдиндан жаримани тўлаб, даладаги қолдиқларни ёқиб юбормоқда. Муаллиф табиатга зарарни камайтириш учун ўт-ўланларни атайин ёққан шахсларга жаримани бир неча ўн баробарга оширишни таклиф этган.