OzodDayjest: Қашқадарё ҳокими маҳаллий раҳбарлар калондимоғ бўлиб кетганини тан олди

Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафаржон Рўзиев маҳаллий раҳбарларнинг халқдан узилиб, манман бўлиб кетганини эътироф этди. Ўзбекистон ҳукуматининг уйғурлар тақдири борасидаги позицияси “шармандалик” деб баҳоланди. Самарқандда тўрт боланинг онаси ўзини каналга ташлаб ўлдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Қашқадарё вилояти ҳокими: “Ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз”

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафаржон Рўзиев Яккабоғ туманида бузиш ишлари ва бунга аҳолининг норозилиги масаласига муносабат билдирди (www.uza.uz, 30 июль). “Биздан ҳам хатолик ўтди. Аввало, биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз, халқдан узилиб, манман бўлиб кетган эканмиз. Бугун замон ўзгарди. Муҳтарам президентимиз катта ислоҳотларни бошладилар, бугун халқнинг ичига кириб, ҳар бир оиланинг дардини тинглаб, унинг муаммосини ўзимнинг муаммом деб ишлашимиз керак. Афсуски, ҳамма раҳбар ҳам буни ҳали тўла англаб етгани йўқ. Яккабоғ тумани ҳокимининг ўринбосари ҳам ўзининг ваколатига кирмайдиган ишни қилган. Бунақа пайтда халқнинг олдига камида туман ҳокими келиб, бўладиган ишларни ўзи тушунтириши керак эди. Улар англата олмаса, вилоят ҳокими - мен келишим керак эди”, деган вилоят ҳокими.

Яккабоғ туман ҳокими ўринбосарининг ўзи бульдозерда тадбиркорнинг корхонаси биносини бузишга урингач, мулк эгаси жон аччиғида мансабдорнинг устига бензин сепиб ёқиб юборган эди. Озодлик бу ҳақда биринчи бўлиб хабар бериши ортидан вазиятга марказий ҳукумат эътибор қаратди. Пировардида, тадбиркор мулкини ўзбошимчалик билан бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари ишдан олинди ва унга қарши жиноий иш қўзғатилди. Шунингдек, туман ҳокими ва прокурори лавозимидан бўшатилди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан Хитойнинг уйғурларга қарши сиёсати дастакланиши “тарихий шармандалик” деб аталди

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон ҳукуматининг Хитой раҳбарияти томонидан уйғурларга қарши юритилаётган репрессив сиёсатни қўллаб-қувватлашини “тарихий шармандалик” деб атади. “Давлатда қадриятлар ва тамойиллар бўлмаса, жуда қийин бўлар экан, жуда шармандали бўлар экан. Ўзбекистон, оғзи билан “СССР бизга кўп зулм қилди, бизни репрессия қилди. Мана, хайрият мустақил бўлдик” дея туриб, қўллари билан Хитойнинг уйғурларга инсоният тарихида кам учрайдиган репрессияларини қўллаб-қувватлаяпти”, деб ёзди К. Раббимов Фейсбукдаги саҳифасида. Сиёсатшунос қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон Хитой қатағонини оқловчи баёнотни дастаклашдан тийилгани, Ўзбекистон ҳам ҳеч бўлмаса бетараф мақомда қолгани маъқул эканини таъкидлаган.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ўзбекистон ҳам БМТга Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласини қўллаб-қувватлаб мурожаатнома ёзган 50 мамлакат сафига қўшилган.

БМТ, Европа Иттифоқи каби халқаро тузилмалар ҳамда ўнлаб Ғарб мамлакатлари Шинжон-Уйғур мухтор районида яшовчи бир миллионга яқин мусулмон лагерларда ушлаб турилгани учун Хитой раҳбариятини кескин танқид қилиб келади. Расмий Пекин эса мусулмон уйғурлар “қайта тайёрлаш лагерлари”да тарбияланаётганини иддао қилади.

Самарқандда ўз жонига қасд қилган аёлнинг жасади Қашқадарёдан топилди

Самарқандда 4 боланинг онаси бўлган Г. Ҳ. исмли аёл Дарғом каналига ўзини ташлаб, жонига қасд қилди (“Даракчи”, 1 август). Аёлнинг ёнида бўлган 6 яшар қизчасини канал яқинидаги фуқаро қутқариб қолган. Ургут тумани “Украч” маҳалласи оқсоқолига кўра, марҳуманинг турмуш ўртоғи Россияда чилангарлик қилиб келаётган эди. Ҳужжатларини йўқотгани сабаб Ўзбекистонга қайтиши муаммо бўлаётган эди. Марҳуманинг қайнакаси у ўша куни “онамникига бораман” деб чиқиб кетгани, кейинроқ жонига қасд қилгани хабари келганини маълум қилган. Аёл нима сабабдан ўзини каналга отгани сабаби ҳозирча аниқ эмас. Қайд этилишича, Самарқандда жонига қасд қилган аёлнинг жасади 145 километр узоқликда, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан топилган.