OzodDayjest: Хоразмда 4 яшар қизалоқни ўлдирган аёл 13 йилга қамалди

Тошкент вилоятида ҳовлиси бузилган кишидан пора сўраган кадастрчи ушланди. Хоразмда 300 минг сўмлик зирак учун 4 ёшли қизчани ўлдирган аёлга жазоланди. Сўз устаси Обид Асомов ўзбек тўйларидаги дабдабабозликни танқид қилди.

_____________________________________________________________

300 минг сўмлик зирак учун 4 ёшли қизчани ўлдирган аёлга ҳукм ўқилди

​Хоразм вилояти Хонқа тумани Олажа қишлоғида яшаб келган Раъно Қиличева қотилликда айбланиб, 13 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди (“Даракчи”, 28 сентябрь). Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси Раъно Камолова маълум қилади. Норасида қизнинг ўлдирилиши шов-шувларга сабаб бўлган эди. Жорий йил апрель ойида Раъно Қиличева қўшнисининг 4 ёшли қизини алдаб оғилхонага олиб кириб, қулоғидаги зиракни ечиб олади. Сўнг қизчанинг бошига болта билан кетма-кет зарба бериб, уни ўлдиради. Жиноятни яшириш мақсадида жасад устига сомон ва тош бостириб қўяди. Қотиллик бир неча кун ичида фош этилади. “Аёллик суврати бор-у, сийратига эга бўлмаган жиноятчининг бор-йўғи 4 йил умр кўрган қизчанинг ҳаётига зомин бўлишининг асосий сабаб нимада? Бир жуфт тилла зирак! Ҳа, у айнан 300 минг сўмлик зирак учун одам ўлдириш каби қабиҳ жиноятга қўл урди”, деб ёзади судья Раъно Камолова.

Ҳовлиси бузилган ватандошдан ер учун пора талаб қилган кадастр идораси вакили қўлга олинди

Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи ватандошнинг дала ҳовлиси қўшни республиканинг чегара ҳудудига ўтиб қолгани боис бузилди (“Ҳуқуқ”, 28 сентябрь). Туман ҳокими қарори билан бузилган ҳовли эгаларига туманнинг бошқа ҳудудларидан ер ажратилиши белгиланган. Ҳовлиси бузилган зангиоталиклардан бирига ер ажратиш эса турли сабаблар билан ортга сурилади. Туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси вакили эса ватандошдан ер ажратиш эвазига 500 доллар пора талаб қилади. Мутасадди: “Мен ҳам бу пуллардан бир қисмини тепадагиларга бериб, ишни ҳал қиламан”, деган. Қайд этилишича, кадастр давлат корхонаси вакили пора олаётганда қўлга туширилган.

Обид Асомов: Тўй масаласида хотин билан эмас, чўнтак билан маслаҳатлашиш керак

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов “Даракчи” нашрига интервьюсида тўйлардаги дабдабаларни танқид қилди. Санъаткорга кўра, бугун дабдабали тўй қиламан деб қарзга ботиб қолаётганлар кўпаймоқда. Бундай ҳолга тушмаслик учун эса одам нафсини тийиши, биров билан эмас, ўзи билан ҳисоблашиши шарт. “Яқинда қизимни узатдим. Чаллари ва унда кейинги ортиқча тадбирларни умуман қилмадик. Раҳматли отам: “Ўғлим, хотин киши билан маслаҳатлашма, чўнтак билан гаплаш”, дердилар. Бу гап бугунги кунга жуда мос келяпти-да... Тан олинглар, барча замонавий анъаналарни аёллар ўйлаб топишяпти”, деган сўз устаси О.Асомов.