Cурхондарёда ширакайф ука туғишган акасини пичоқлаб ўлдирди. Ўз хотинини фоҳишаликка ундаган йигит 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бекободда бир ойлик чақалоғини 1000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган аёл қўл олинди.
_____________________________________________________________
Эр ўз хотинига: “Фоҳишалик қилиб пул топсанг, машина, уй оламиз”
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз рафиқасини фоҳишаликка мажбурлаган шахсга нисбатан жиноят ишини якунлади (“Даракчи”, 30 ноябрь). Исми ошкор этилмаган аёлни дастлаб эри Қозоғистонга олиб бориб даволатади. Сўнг уни муолажани давом эттириш учун Дубайга юборади. У ерда аёлни қайнопаси кутиб олиб, шифокорларга кўрсатади. Сал ўтиб “Сени даволатишга анча пул сарфладим. Буларни ишлаб қайтаришинг керак”, дея келинини фоҳишаликка мажбурлайди. Аёл қайнопасининг бу қилмишидан шикоят қилиб, эрига қўнғироқ қилади. Эри эса “Кўп пул ишласанг, уй, машина оламиз” дея хотинини фоҳишаликка ундайди. Жабрдийда аёл Ўзбекистонга келгач, кўргиликлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилади. Жиноят ишлари бўйича суд унинг ориятсиз эри ва қайнопасига 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлагани хабар қилинган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
Сурхондарёда биродаркушлик жинояти қайд этилди
Сурхондарё вилояти Олтинкўл туманида биродаркушлик жинояти қайд этилди (“Постда”,25 ноябрь). Туманнинг Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи М.Ҳ. маст ҳолда туғишган акаси У.Ҳ. билан жанжаллашиб қолади. Жаҳли чиқиб ақлини йўқотган ука акасининг кўкрагига пичоқ уради. Жиддий жароҳатланган У.Ҳ. ўша куниёқ шифохонага олиб борилган, аммо ўша ерда ҳаётдан кўз юмган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов кетмоқда.
ИИВ хабарига кўра, Тошкент вилоятининг шу номли туманида ҳам шунга ўхшаш жиноят юз берган. Туманнинг Фаровон маҳалласида яшовчи 1999 йилда туғилган М.А. исмли қиз қўшниси 1970 йилда туғилган Ҳ.Қ. билан жанжаллашиб қолади ва унинг қорнига пичоқ билан жароҳат етказади. Жабрланган қўшни шифохонага ётқизилган. Коллеж талабаси бўлган қизга эса жиноий иш қўзғатилган.
Тошкент вилоятида чақалоғини 1000 долларга сотаётган она ушланди
Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи 40 ёшли аёл бир ойлик чақалоғини 1000 АҚШ долларига сотаётганда қўл олинди (“Ҳуқуқ”, 30 ноябрь). Зангиота тумани прокурори Зоҳид Қораевга кўра, аёл тумандаги кафелардан бирида савдони пишитаётганда ушланган.
Ҳудудда яна бир чақалоқфурушлик жинояти фош этилган. Турмуш ўртоғидан ажрашган, уч фарзанднинг онаси бўлган аёл ишлаш учун Жиззахдан Тошкентга келади ва орадан кўп ўтмай ҳомиладор эканини билиб қолади. Тўртинчи фарзандини дунёга келтиргач, уни 1200 долларга сотаётганда қўлга олинган. “Ҳадемай, икки қизалоқ ҳам вояга етади, ақлини танийди. Аммо ўшанда ўз жигаргўшасини сотмоқчи бўлган оналар фарзандларининг кўзларига қарай олармикан? Энди улар бир умрлик виждон азоби билан яшашга маҳкум”, деб ёзади Зангиота тумани прокурори З.Қораев.