Тошкентда пропискага эга бўлиш учун тузилган сохта никоҳлар фош қилинди

Олий суд судьяси тақиқланган ташкилотларга алоқадор маҳкумлар амнистияга тушмаганини айтмоқда.Ўзбекистон пойтахтида доимий рўйхатдан ўтиш учун сохта никоҳ тузиш ҳолатлари фош этилган. Сергели ҳокимлиги чироқ муаммосини ҳал этиш ўрнига сувдан қуруқ чиқишга уринмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Олий суд судьяси: Тақиқланган ташкилотларда иштирок этган маҳкумларга амнистия қўлланилмади

2016 йил 12 октябрида Олий Мажлис Сенати эълон қилган амнистия акти тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этган маҳкумларга қўлланилмади (“Постда”, 28 январь). Бу ҳақда Олий суд судьяси Мухаматали Назаров маҳкумларнинг яқинлари саволларига жавоб бериш асносида маълум қилган. Қайд этилишича, бу тоифа маҳкумларга амнистия акти илгари судланмаган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, содир этган жиноятидан пушаймонлигини ёзма аризаси билан тасдиқлаган, унинг тузалиш йўлига ўтганини тасдиқловчи тегишли органлар хулосалари, маҳкумнинг яқин қариндошлари ва унинг яшаш жойидаги маҳалла қўмитасининг кафиллик хати мавжуд бўлган тақдирдагина қўлланилади.

Фуқаролар Тошкентда доимий пропискадан ўтиш учун сохта никоҳ тузишгача бормоқда

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтиш учун сохта никоҳ тузиш ҳолатлари фош этилди (“XXI аср”, 2 февраль). Бу борада статистик рақамлар келтирилмаган, аммо синовдан ўтган схемага аниқлик киритилган. Бунга кўра, Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга аёл вилоятлик эркак билан никоҳдан ўтади. Вилоятлик эркак аёл орқали доимий пропискага эга бўлгач, жуфтлик ўзаро ажрашади. Газета Тошкент шаҳрида кейинги йилларда ажрашишлар кўпайганига бу каби сохта никоҳлар ҳам сабаб бўлганини ёзади. Хабар қилинишича, пойтахтда доимий рўйхатдан ўтиш мақсадида тузилаётган сохта никоҳларнинг олдини олиш мақсадида амалий ишлар қилиняпти. Жумладан, Тошкент шаҳри ёки вилоятида доимий рўйхатга қўйилган эр ёки хотин никоҳ қайд этилганидан бир йил ўтмасдан ажрашса, доимий рўйхатдан чиқарилиши қонунийлаштирилди.

Тошкентнинг Сергелисида 30 йилдан бери чироқ йўқ – ҳокимлик эса сувдан қуруқ чиқиш пайида

Тошкент шаҳри Сергели тумани Файзли кўчаси ҳудудида 30 йилдан буён кўча чироғи масаласи ҳал этилмаётир, туман ҳокимлиги эса сувдан қуруқ чиқишга уринмоқда (“Даракчи”, 2 февраль). “Кўчамиз 1987 йилда Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан шаҳарга, Сергели тумани ҳудудига ўтган. Мана, салкам 30 йил бўляптики, кўчаларимизнинг аҳволи ўша-ўша, шаҳарга ўхшамайди. Ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган, кўчалар тор, чанг, ўнқир-чўнқир бўлиб ётибди”, дея арз қилган ҳудуд вакиллари. Туман ҳокими ўринбосари Д.Раҳимжонова ва “Тошшаҳарнур” давлат корхонаси раҳбари ўринбосари Р.Азизов фуқаролар мурожаатига “отангга бор, онангга бор” қабилида муносабатда бўлган. Мутасадди ташкилотларнинг аҳоли муаммосини ҳал этиш ўрнига бу тариқа сувдан қуруқ чиқишга уриниши танқидий баҳоланган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги сайти: “Sorry. We couldn’t find that page!”

Бухоро вилояти ҳокимлигининг расмий сайти – www.buxoro.uz арз ва шикоят йўлламоқчи бўлаётган аҳолининг ҳафсаласини пир қилмоқда (“Ҳуррият”, 1 февраль). Газета мухбири синов тариқасида вилоят ҳокимлиги сайти орқали шикоят жўнатишга уринган, аммо “Sorry. We couldn’t find that page” (Кечирасиз, бу саҳифа топилмади) деган жавоб олган. Журналистнинг шахсий кабинет орқали рўйхатдан ўтишга уриниши ҳам самарасиз якунланган. Боз устига, очиқ маълумотлар порталидан керакли маълумот топилмаган. Мақолада бепарволик, сансалорлик ва масъулиятсизликка чек қўйиб, вилоят ҳокимлиги сайти ишини яхшилаш кераклиги уқтирилган.