OzodDayjest: Блогер ЕОИИ борасида бош вазир билан баҳслашди

Россиядаги меҳнат муҳожирлари (иллюстратив сурат).

Таниқли журналист декларациянинг ҳаққонийлигини текшириш прокуратурага топширилмаслиги кераклигини урғулади. Каримов тўсатдан вафот этмаганида, ҳокимият алмашинуви қай тариқа кечиши тахмин қилинди. Блогер О. Бакиров бош вазирни қирғиз мигрантлари ҳолига боқишга чақирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Карим Баҳриев: Давлат хизматчиларининг даромадини прокуратура эмас, мустақил идора текшириши керак


Ўзбекистонда яқин муддатдан бошлаб муайян давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари даромадларини декларация қилиши лозим бўлади (“Даракчи”, 20 февраль). 2020 йилдан даромади текшириладиган мансабдорлар рўйхатида парламент палаталари раҳбарлари, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, вилоят, туман-шаҳар ҳокимлари ва бошқалар бор. Қайд этилишича, декларациянинг ҳаққонийлигини Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятлар билан курашиш департаменти текширади. Аммо масъул вазифани бошқа идорага топшириш тавсия этилмоқда.

“Охирги ўн йилликларда раҳбарлик қилган учта собиқ бош прокурор коррупция айби билан қамалиб кетганини ҳаммамиз биламиз. Шунинг учун текширув мустақил орган томонидан ўтказилиши ва фуқаролик жамиятининг, жамоатчилик назорати ҳамда оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлиши керак”, деб ёзади эксперт ва журналист Карим Баҳриев.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиеёв жорий йил 31 январь куни олимлар билан учрашувда коррупцияга қарши курашиш учун алоҳида идора ташкил этилиши ҳақида гапирган. Давлат раҳбарига кўра, катта куч-қудратга эга бўладиган янги ташкилот амалдорларнинг тушини назорат қила олмайди, холос.

Сиёсий таҳлилчи: Каримов тирик бўлганда, Гулнорани оқлаб, унга катта лавозим берар эди


Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов тўсатдан вафот этмаганида, ҳокимият алмашинуви қай тариқа кечиши борасида ўз фаразини илгари сурди (www.sof.uz, 15 февраль).

“Ўйлайманки, агар Каримов тўсатдан ўлмаганида ўзидан кейин шахс эмас, команда қолдирар эди. Яъни, ҳеч кимда Каримов белгилаган курсдан оғишув имконияти бўлмас эди. 2020 йилга қадар у Гулнора Каримовани “жазолаб, оқлаб, реабилитация қилиш”га улгурган бўлар эди. Ўзига кимни ўриндош сифатида танлаган бўлмасин, ўша танланган шахс атрофида кўпчиликдан иборат командани ҳар хил мансабларга тайинлаб, янги президентни эркин ҳаракатланиш ва режим табиатини ўзгартириш имкониятларини мутлақ заифлаштириб ташлаган бўлар эди”, деб ёзади сиёсий таҳлилчи.

Қайд этилишича, Каримов ўзидан кейинги президентни тийиб туриш учун куч ишлатар тизимларини олдингидан кўра янада кучайтирар ва демакки, ҳозир давом этаётган ислоҳотлар сиёсатини амал ошириб бўлмас эди.

“Айтайлик, у ўзига ўриндош сифатида Мирзиёевни танлади ёки Азимовни. Лекин Гулнора Каримовага катта давлат лавозими берар ва унинг қудратини алоҳида кучайтирган бўларди. Каримов тирик бўлганида бугун Назарбоев қилаётган ишларни анча кўпол кўринишда, қаттиқ оҳангларда қилиш эҳтимоли юқори эди”, дея ўз фаразини билдирган К.Раббимов.

Блогер: Россияда қирғиз мигрантлари ҳуқуқи абгорлашгани бизга дарс эмасми?


Ўзбекистонлик блогер Отабек Бакиров ўз Телеграм саҳифасида бош вазир Абдулла Ариповнинг мамлакат Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилса, Россиядаги кўп сонли меҳнат муҳожирларига енгиллик бўлиши борасида фикрига муносабат билдирди.

Бош вазир А. Арипов 17 февраль куни Human хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрган аҳоли билан учрашувда мамлакат ЕОИИга кирса, 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик мигрант учун меҳнат патенти бекор бўлиши ва ҳар йили қарийб 2 миллиард доллар иқтисод қилинишини айтган эди. Ҳукумат раҳбари ЕОИИга аъзоликни салбий баҳолаётганларни айюҳаннос солишда ҳам айблаганди.

Блогер О. Бакировга кўра, ЕОИИ Ўзбекистонни ўз сафига қўшиб олса, мигрантлар меҳнат патенти учун тўловлардан қутулади. Лекин улар энди худди Россия ёки ЕОИИ аъзолари фуқаролари каби талайгина солиқларни тўлашга мажбур бўлади. Тахминий ҳисоб-китобга кўра, рус иш берувчиси ўзбек мигрантига 40 минг рубль маош бериш учун қўшимча 12080 рубль солиқ тўлаши керак. Бу эса ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари аҳволи янада оғирлашувига олиб келади.

“Қирғиз мигрантлари ҳуқуқлари Қирғизистон ЕОИИга киргач, янаям абгорлашгани бизга дарс эмасми?” дея мутасаддиларни саволга тутади блогер О. Бакиров.