OzodDayjest: Ўзбекистон ҳукуматига карантин пайти қийналган аҳолига пул тарқатиш тавсия этилди

Тадбиркор бош вазир ўринбосарини босим ўтказишда айблади. Иқтисодчи Б. Ҳошимов инқироз вазиятида қийналиб қолган аҳолига давлат томонидан тўғридан-тўғри моддий ёрдам бериш энг мақбул чора эканини айтди. Қонун лойиҳаси фақат рус тилида муҳокамага қўйилгани эътирозга сабаб бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

______________________________________________________________

Қашқадарёлик тадбиркор президентга бош вазир ўринбосари устидан арз қилди


Sulton Tex Group хусусий корхонаси раҳбари Нурбек Эргашев президентга мурожаат қилиб, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ноқонуний талаблари бажарилмагани боис унинг компаниясини пахта-тўқимачилик кластерлари рўйхатидан чиқариб юборганини маълум қилди (www.gazeta.uz, 15 апрель). Тадбиркорга кўра, маҳаллий ҳокимият 2020 йил пахта ҳосили учун ажратилаётган кредит маблағи ҳисобидан ғаллани озиқлантириш учун 5,8 млрд сўм пул ажратиш бўйича топшириқ берган. Ушбу ноқонуний талаб бажарилмагач, корхонага тазйиқ ўтказила бошлади.

Sulton Tex Group хусусий корхонасида пахта хомашёсини етиштиришдан бошлаб уни қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб олган 100 млн долларлик 15 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил декабрь ойида Қашқадарёга ташрифи давомида ушбу корхона фаолияти билан ҳам танишган.

Блогер Отабек Бакиров Sulton Tex Group хусусий корхонасига нисбатан муносабатни 2003 йилда Россияда ЮКОСнинг тортиб олинишига муқояса этган.

Иқтисодчи: Ҳозирги инқироз даврида компанияларга эмас, аҳолига пул тарқатиш керак


АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов “MFactor” лойиҳасида коронавирус пандемияси ва карантин чораларининг иқтисодиётга таъсири ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Б. Ҳошимовга кўра, дунё бўйлаб кузатилаётган иқтисодий инқироз қанча муддат давом этиши ҳукуматларнинг хатти-ҳаракатига боғлиқдир. “Мен улар қандай ҳаракат қилишларини билмайман. Бу худди қарта ўйинига ўхшайди”, деган у.

Таъкидланишича, инқироз вазиятида қийналиб қолган аҳолига давлат томонидан тўғридан-тўғри моддий ёрдам бериш, яъни нақд пул тарқатиш энг мақбул чорадир. Чунки давлат аҳолига пул тарқатгач, одамлар, табиийки, пулни маҳсулот ва хизматлар учун сарфлайди. Натижада жамиятдаги иқтисодий занжир қайтадан жонланади.

Иқтисодчи Б. Ҳошимов инқироз даврида ҳукумат томонидан компанияларга пул берилишини хато, деб атаган. Бу, аввало, коррупцияга олиб келади, қолаверса, иқтисодий жиҳатдан ҳам самара бермайди.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев ҳам ҳукуматга танг аҳволда қолган оилаларга фоизсиз ссудалар ва микроқарзлар ажратиш бўйича таклиф билан мурожаат қилган.

ИИВ қонун лойиҳасини фақат рус тилида муҳокамага қўйгани эътироз уйғотди


Ички ишлар вазирлиги рус тилидаги “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Platforma.uz Телеграм каналига кўра, рус тилини яхши билмайдиган ва фикрини мазкур тилда ифодалай олмайдиган ватандошлар муҳокамада қатнаша олмаётир.

“Президент давлат тилини ривожлантириш ҳақида гапиряпти, ҳукуматда давлат тилини ривожлантириш бўйича департамент тузилган, яқинда Ўзбек тили байрами куни белгиланди... Бу ёқда эса ҳаммаси эски ҳаммом, эски тос! Нега шундай? Буни Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти изоҳлаб бера олармикан?” дея мутасадди идорани саволга тутади Platforma.uz канали.

Қайд этилишича, кўплаб қонун ҳужжатлари аввал рус тилида тайёрланиб, сўнг давлат тилига чала-чулпа таржима қилингани боис улар тушунарсиз ҳамдир.

“Аксарият қонунларимизнинг аҳвол-руҳияси шундай. Уларнинг олдида дунёда жуда кам одам англай оладиган постмодерн матнлар ҳам ип эшолмай қолади”, деб ёзади Platforma.uz канали.