АҚШ президенти Жо Байден Украина теварагидаги вазият юзасидан баёнот берди.
Оқ уй раҳбарига кўра, Россиянинг Украинага тажовуз қилиши хавфи ҳамон мавжуд, Россия ҳарбийлари ҳануз Украинага таҳдид солувчи позицияларни эгаллаб туришибди. Байден Украина атрофида, жумладан, унинг Беларусь билан чегаралари яқинида тўпланган рус аскарлари сони 150 мингга етганини айтган.
Унинг айтишича, 15 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги қўшинлар чегарадан узоққа олиб кетилганини билдирган бўлса-да, Қўшма Штатлар ҳозирча бу маълумотни тасдиқлай олмайди.
Байден яна бир бор Россияни дипломатия йўлини танлашга чақирган. У Россия халқига мурожаат қиларкан, АҚШ унга таҳдид солмаётганини, Қўшма Штатлар унга душман эмаслигини айтган. Байденга кўра, Вашингтон Россияни беқарорлаштиришга интилмайди.
Президент ўз чиқишида АҚШ ва СССР Иккинчи жаҳон урушида иттифоқдош бўлганини эслаган. У Украинага қарши муҳтамал ҳужумни сира оқлаб бўлмаслигини урғулаб, Украина билан Россияни умумий тарихи ҳамда кўплаб алоқалар бирлаштиришини эслатган.
Байденнинг билдиришича, Россия агрессия бошлагудек бўлса, АҚШ ва иттифоқчилари шу пайтгача жорий этилган санкцияларга нисбатан анча кескин чеклов чораларини кўради. Президент янги санкциялар агрессия бошлангани заҳоти кучга киритилишини таъкидлаган. Санкцияга учрайдиган объектлар сирасида у “Шимолий оқим-2” газ қувурини ҳам тилга олган.
АҚШ президенти Қўшма Штатлар, Россиянинг “хавфсизлик кафолатлари”га доир талабларига жавобан қатор таклифларни илгари сурганини айтиб, Москвани музокарага чорлаган. Унинг урғулашича, АҚШ Украинага ўзини мудофаа қилиши учун қурол-аслаҳа етказиб берган, аммо унинг ҳудудида ракеталарни жойлаштирмоқчи эмас.
Байденга кўра, Америка ўз принципларидан воз кечмайди, хусусан, ҳар бир мамлакат, шу жумладан Украинанинг ҳам ўз ташқи сиёсат йўналишини мустақил танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилади.
Президент, шунингдек, АҚШ НАТОдаги иттифоқчиларини ҳимоя қилишга ва киберҳужумлардан мудофааланишга шайлигини билдирган.