Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги бўлимига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган президент гранти жорий қилинди. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан 6 июль куни имзоланган “Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Ҳужжатга мувофиқ, муайян таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади.
Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланади.
Ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланади ва тўланади.
Ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.