Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрда ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида: “Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва, албатта, шундай бўлади”, - деб баёнот берди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, Мирзиёев бу гапни сўнгги бир ой ичида жиноят олами вакиллари ва “коррупциялашган мансабдорлар”нинг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинишига муносабат ўлароқ ирод этди.
“Ўзини „кўча“ деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз бунга ҳеч қачон жим қараб туролмаймиз”, — деб таъкидлаган президент.
Мирзиёев ўз нутқи давомида бирор бир “кўча” жиноий гуруҳи ёки “коррупциялашган мансабдор” номини тилга олмади.
Ўзбекистонда 2 декабрдан бошлаб “жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтаётгани” расман маълум қилинган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, шу кунгача мазкур тадбир доирасида юздан ортиқ киши процессуал тартибда ушланган, улардан 52 нафари ҳибсга олинган.
Ички ишлар органлари қўлга олинганлар ва жиноят ишлари қўзғатилганлар орасида “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев, “Бахти Ташкентский” деб аталадиган Бахтиёр Қудратуллаев, “Салимбой” сифатида танилган Салим Абдувалиев ҳам бор.
Бундан ташқари сўнгги кунларда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов, Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов, Бухоро туманининг собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев ва Солиқ қўмитасининг бир қатор масъул ходимлари қамоққа олингани хабар қилинди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик радиосининг “қўлга олишлар” тўғрисидаги саволларига жавоб берган қатор таҳлилчилар мазкур оммавий ҳибсга олишларнинг коррупцияга қарши курашга алоқаси йўқлигини айтганлар.
Айрим таҳлилчилар фикрича, бу оммавий ҳибсга олишларни “лавозим ва ресурсларни қайта тақсимлаш” сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистон президенти ва ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши кураш кескинлашгани ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан самарали чоралар кўрилаётгани тўғрисида бонг уриб келади. Бироқ Озодлик радиоси қатор ҳамкорлари билан ўтказган журналистик суриштирувларда Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи коррупцияга алоқадор бўлиши эҳтимоли тўғрисидаги маълумотлар юзага чиққан.
Жумладан, Озодлик радиосининг Мирзиёевнинг Шоввозсойдаги қасри, “Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон”, “Мирзиёевларнинг соядаги инвестори” каби қатор суриштирувларига Тошкент расман муносабат билдирмаган.