Шу кунгача Тошкент давлат транспорт университети ректори лавозимида ишлаб келган Одил Абдураҳмонов президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов 26 август куни маълум қилди.
Одил Абдураҳмонов бу лавозимда 65 ёшли Абдужаббор Абдувоҳидов ўрнини эгаллайди. "Кун уз"нинг қайд этишича, Абдужаббор Абдувоҳидов Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси ҳисобланади.
Президент администрациясининг энг кекса ходими бўлгани айтиладиган Абдужаббор Абдувоҳидов 2018 йил 27 августда президент маслаҳатчиси этиб тайинланган эди. У шу йилнинг 25 августида президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ўтказган йиғилишда ишдан олинди.
Хабарларда билдирилишича, президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов йиғилишда Абдувоҳидов маслаҳатчи сифатида масъул бўлган соҳалар аҳолининг асосий эътирозларига сабаб бўлаётганини танқид қилган.
1978 йилда туғилган иқтисодиёт фанлари доктори Одил Абдураҳмонов 2019 йилда президент маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимини эгаллаган эди. 2020 йилнинг июнида Тошкент давлат транспорт университети ректорлигига тайинланган. 2018-2019 йилларда эса Абдураҳмонов Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.