ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси “9 июлда муддатидан олдин ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмади” деган дастлабки хулосасини эълон қилди.
Миссия раҳбари Урсула Гацек 10 июлда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида сайловолди кампанияси “ланжлик билан ўтказилгани”, сайловчилар билан учрашувлар “кўпинча аввалдан саҳналаштирилгани”, номзодлар “муқобил сиёсий нуқтаи назарни билдирмагани” кузатилганини айтди.
Миссия кузатувчилари овозларни санаш ва натижаларни чиқариш жараёнлари "ташвиш уйғотгани”ни таъкидлаган. Уларга кўра, амалда овоз берганлар сони билан расмийлар билдирган рақамлар ўртасида “номутаносиблик” бор.
Бу ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг дастлабки хулосалари бўлиб, Ўзбекистондаги сайлов юзасидан якуний ҳисобот бир неча ойдан сўнг эълон қилинади.
ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатишга7 июнь куни киришган эди. У 18 июль куни ўз ишини якунлайди. Миссия Тошкентда 16 та эксперт, вилоятларда 24 та узоқ муддатли кузатувчи ва ЕХҲТга аъзо 26 давлатдан келган 198 кузатувчидан таркиб топган.
Президентлик сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистонда ўтказилган сайловларнинг бирортасини ҳолис, адолатли ва демократик деб баҳолаган эмас. Жумладан, ДИИҲБ 2021 йил 24 октябрда ўтказилган президент сайловида сиёсий рақобат бўлмагани, сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот етишмагани, сайлов куни жиддий процессуал қоидабузарликлар кузатилгани, овоз бериш, овозларни санаш ва якуний жараёнларда сайловнинг муҳим жиҳатларига эътибор берилмаганини танқид қилган.
Айни пайтда МДҲ кузатувчилари миссияси «сайлов шаффоф, очиқ, адолатли ва демократик тамойилларга асосан ўтказилди», деб эътироф этди.
9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонгани расман билдирилган. Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 19 миллион 593 минг 838 сайловчидан 15 миллион 651 минг 405 нафари, яъни 79,88 фоизи иштирок этган.