Ўзбекистонда президент сайлови бундан буён октябрь ойида ўтказилиши мумкин.
Қайд этилишича, мазкур масалага 25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг галдаги мажлисида тўхталинган.
Аввал мамлакатда президент сайлови ҳамда парламент ва маҳаллий кенгаш сайловлари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиб келинган.
Душанба куни кўриб чиқилган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сайлов кунини октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш таклиф қилинган. Агар бу ўзгартишлар тасдиқланса, Ўзбекистонда 2021 йилдаги президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши мумкин.
Жорий йилда президент сайлови бўлиб ўтиши ҳақида Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрида парламентга мурожаатида айтиб ўтган. Ўша нутқида президент “Ўзбекистонда 2021 йили бўлиб ўтадиган президент сайлови халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўтказилиши керак”лигини урғулаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасида президент мамлакат фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши қайд этилган.
Ўзбекистонда сўнгги президент сайлови 2016 йил 4 декабрида ўтказилган. Унда, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини олган Ш. Мирзиёев ғалаба қозонган.