Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 29 июль куни видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган галдаги мажлисида президент сайлови учун номзод кўрсатадиган сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларини рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилган. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 23 июль куни президент сайлови бўйича кампания бошланганини эълон қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар берган.
Мазкур санадан сўнг Ўзбекистон ичида фаолият юритаётган бешта сиёсий партия раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун МСКга мурожаат этган ва бунинг учун тегишли ҳужжатларни тақдим қилган.
Марказий сайлов комиссияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома (мандат) бериш ҳақида қарор қабул қилган. Бу гувоҳномалар 29 июль куни ваколатли вакилларга топширилган.
Юқорида саналган партияларнинг ҳаммаси у ёки бу шаклда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий тутумини қўллашларини билдирганлар.
Ўзбек расмийлари бу гал ҳам на эски (мас., “Бирлик” ва “Эрк” партияси), на-да янги (мас., “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” партияси) мухолифатчи гуруҳлар вакилларини президент сайловига яқинлаштирмоқчи эмасга ўхшайди. Мухолифатчиларга қарши Ўзбекистон ичида кузатилаётган таъқиб ва босимлар ана шулардан дарак бераётгандек.