Президент Трамп “ҳокимиятни тартибли йўсинда топшириш”га ваъда берди

Дональд Трамп

Вашингтонда кузатилган ва тўрт кишининг қурбон бўлишига олиб келган тартибсизликлар ортидан пайшанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп илк бор 20 январь куни “ҳокимиятни тартибли йўсинда топшириш”ни таъминлаш ҳақида билдирди.

Айни пайтда Трамп ҳатто Конгресс томонидан президент сайлови натижалари сертификация қилинганидан кейин ҳам, аввалда бўлгани каби, мағлуб бўлганини ва демократ Жо Байден ғалаба қозонганини тан олгани йўқ.

Трампнинг баёнотини унинг матбуот котиби Дэн Скавино ёйинлади. Президентнинг оммага мурожаат қилиш воситаси бўлган Твиттердаги шахсий аккаунти кечадан бери блокировка қилинган.

“Гарчи сайлов натижаларидан мутлақо норози бўлсам-да ва фактлар менинг фойдамга бўлса-да, шуларга қарамай, 20 январь куни ҳокимият тартибли йўсинда топширилади”, дейилган Трампнинг баёнотида. У ўз мулоҳазасини “бу Американи қайта буюк мамлакатга айлантириш учун курашимизнинг бошланиши, холос”, дея якунлаган. Баёнотда Байденнинг фамилияси келтирилган эмас.

АҚШ конституциясига мувофиқ, президент сайлови ғолиби давлат раҳбари лавозимига 20 январь куни тушдан киришиши керак. Трамп Байденнинг ғолиб бўлганини тан олишдан бош тортиб, бу ғалаба сохталаштиришлар воситасида қўлга киритилганини иддао қилиб келган. Трамп тарафдорларининг даъво аризалари судлар томонидан рад этилган, сайловчилар ҳайъати, сўнгра Конгресс эса демократ номзоднинг ғалабасини тасдиқлаган.

Конгресснинг 6 январь куни бўлиб ўтган мажлиси Дональд Трамп тарафдорларидан бир гуруҳ киши Капитолий биносига бостириб кирганидан сўнг тўхтаб қолаёзган. Бино норозилардан бир неча соат ўтганидан кейингина тозаланган. Бу ердаги талотумда турли сабабларга кўра 4 киши вафот этган, камида бир намойишчи аёл отиб ўлдирилган. Пировардида конгрессменлар сайлов натижасини 7 январга ўтар кечаси сертификация қилишга муваффақ бўлганлар.