Жорий йил Ўзбекистонда суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев раислигида 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, “сув исрофига умуман йўл қўймаслик ҳаётий зарурат” экани урғуланган йиғилишда “430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш мумкин”лиги қайд этилган.
Видеоселекторда таъкидланишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томчилатиб суғориш тизимлари ва қувурлар ишлаб чиқариш учун жорий йил февраль-апрель ойларида 35-40 минг тонна полиэтилен зарур. Шу боис сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган полиэтилен ва полипропилен учун импорт божи 1 октябргача бекор қилинган.
Сув хўжалиги вазирлигига 3 мингдан зиёд насосларни таъмирлаш ва янгилаш, насос станцияларида электр энергияси ва сув сарфини “онлайн” мониторинг қилиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда Ўзбекистонда аграр тармоқни барқарор молиявий ресурслар билан таъминлаш учун бу йил Қишлоқ хўжалиги жамғармасига 24 триллион сўм маблағ йўналтирилаётгани қайд этилган.