Марказий Осиё давлатлари президентларининг Чўлпонотада 21 июлда ўтган тўртинчи маслаҳатлашув учрашувида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари дўстлик, иноқ қўшничилик ва ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Қирғизистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Тожикистон ва Туркманистон мазкур шартномани ўз мамлакатларидаги ички процедуралар якунланганидан сўнг имзолаши кутилмоқда.
“Бу аҳамиятли ҳужжат минтақа давлатларининг янада яқинлашувига ва замонавий таҳдидлар ҳамда чақириқларга қарши туришда кучларимизни бирлаштиришга ижобий таъсир кўрсатади деб умид қиламан”,-деди Қирғизистон президенти Садир Жапаров.
Бундан ташқари минтақа президентлари Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг Оролни сақлаш халқаро фонди президенти сифатидаги ваколатини узайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилишди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари президентларининг 2023 йилда ўтадиган бешинчи маслаҳатлашув учрашувига мезбонлик қилиш ҳуқуқи Тожикистонга берилди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрига 20 июлда келган эди. Тожикистон ва Туркминстон президентлари эса учрашувга 21 июль куни етиб келишди.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 20 июлда Қирғизистон, Ўзбекистн ва Қозоғистон “Қамбарота-1” ГЭСини лойиҳасини ҳамкорликда қуриш масаласида “дастлабки конкрет ва жуда фойдали келишувга эришгани”ни билдирган эди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров 21 июлдаги учрашувда сўзлаган нутқида Ўзбекистон ва Қозоғистон “Қамбарота-1” лойиҳасига инвестиция киритиш ниятини билдирганини олқишлади.
Иссқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида 20-21 июль кунлари Марказий Осиё давлатлари президентларининг маслаҳатлашув кенгаши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президентидан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.
Марказий Осиё давлатлари президентларининг биринчи маслаҳат учрашуви Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилнинг март ойида Остона (ҳозирги Нур-Султон)да ўтказилганди.
Иккинчи учрашув 2019 йилнинг 29 ноябрь куни Тошкентда, учинчиси эса 2021 йил 6 августида Туркманистоннинг Аваз шаҳрида ўтказилган.