Президентликка собиқ номзод аграр университетга проректор бўлди

2021 йилдаги сайловда президентликка номзод бўлган Нарзулло Обломуродов (Экология партияси матбуот хизмати фотоси)

Ўзбекистонда 2021 йилда ўтказилган президент сайловида давлат раҳбари лавозимига номзод бўлган Нарзулло Обломуродов Тошкент давлат аграр университетининг Ўқув ишлари бўйича проректори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Обломуродов ўтган йил июлида Тошкент молия институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимига тайинланган эди.

Ундан олдин эса у табиат ресурслари вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Нарзулло Обломуродов 2021 йил бошида Ўзбекистон Экология партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси этиб сайланган. Ўша йили партиядан президентликка номзод ўлароқ кўрсатилган Обломуродов натижаси аввалдан маълум мазкур сайловда 4,1 фоиз овоз олгани айтилган эди.

Ўша йил охирига бориб Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига тайинланган Нарзулло Обломуродов Экология партияси Марказий кенгаши раиси лавозимидан кетгани билдирилганди.