Ўзбекистон президенти шу йилнинг 8 июнида имзолаган фармонга биноан 1 августдан туман ва шаҳар ҳокимларининг тадбиркорларга ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинди.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари 1 августдан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш ваколатидан ҳам ажратилади.
Янги тартибга кўра, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни ижарага бериш, қайтариб олиш ва заҳирага ажратиш ҳуқуқи туман ҳамда шаҳар ҳокимларидан олиниб, вилоят ҳокимига берилади.
Таҳлилчилар фикрича, президент фармони қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерлар масаласини бозор иқтисодиёти талабларига мос равишда ҳал қилиш ўрнига мавжуд вазиятни чигаллаштиради, холос.
Фармонга мосланган статистика?
Президент фармони кучга кирган куннинг эртасига Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати Фарғона вилоятининг Бешариқ, Олтиариқ, Боғдод; Наманган вилоятининг Чортоқ; Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманларида фермерлар, деҳқон хўжалиги, МЧЖ раҳбарлари ер сотаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар қилди.
Президент фармони имзоланганидан икки кун ўтиб эса, Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида сўнгги икки йил ичида 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож бўлган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилгани тўғрисида баёнот берган эди.
“Маъмурий судлар томонидан ерга оид туман ҳокимларнинг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деган Ш. Раҳимов.
Президент Мирзиёевнинг ўзи “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган куни ўтказган селектор йиғилишида бундай деган эди:
“Мана, Ер тўғрисидаги фармонга мен қўл қўйдим. 30 минг долларга ер сотувчилар пайдо бўлди. Фарғонадаям, Самарқандда, мана, Жомбойда яна пайдо бўлди. Бу балодан биз қутулмаймиз, агар қўйганим фармонни амалда ҳамма бажармаса”.
Бироқ Ўзбекистонда ер муносабатлари йиллардан буён муаммоли қолаётганини урғулаган айрим экспертлар Озодлик билан суҳбатда президентнинг бу фармонини, амалдаги вазиятни янада чигаллаштириши, ерни сотиб пул қилаётган амалдорлар ишини эса аксинча соддалаштириши мумкин бўлган “зиддиятли” фармон деб баҳолаган эди.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда ер бериш вақтинча тўхтатилди. Экспертлар Президентнинг ерга оид фармонини “зиддиятли” деб баҳоламоқдаТаҳлилчилар: Фармон мавжуд чигал вазиятни хаосга айлантиради
Озодлик президент фармонини “қонун тилидан сўзлашув тилига таржима қилиб беришини” сўраб, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевга мурожаат қилди.
Олим Ўзбекистон президенти 8 июнда имзолаган фармон сарлавҳасидаги (“Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”) “ерга бўлган ҳуқуқларни бозор активига айлантириш” деган гапдан келиб чиқилса, уни муҳим ҳужжат, деб аташ мумкин, деди:
- Шу пайтгача Ўзбекистонда ер, шу жумладан қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерлар ҳокимликлар ихтиёрида эди ва улар нимани хоҳласа, шуни қилар эди. Бу бозор иқтисодиётига зид, феодализмга хос муносабатлар эди. Бозор иқтисодиёти шароитида эса, ер олди-сотди объекти бўлиши керак. Ерни сотиб оладиган одам унинг эгасига айланади. Президент фармони сарлавҳасидан шундай муносабатларга асос солинаяпти экан, деб тушуниш мумкин.
Олим сарлавҳадан пайдо бўлган умид қисман оқланади холос, дер экан, ундаги мана бу бандни тилга олди:
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади”.
Бироқ Сапарбой Жубаевнинг фикрича, фармонда асосий масала - қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерлар масаласи ҳал қилинмаган, боз устига янада чигаллашган ва бу ҳолат ҳужжат сарлавҳаси пайдо қиладиган оптимизмни йўққа чиқаради.
Мана ўша банд: “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади”.
Сапарбой Жубаев шу кунгача бўлган амалиёт ернинг баҳосини аниқлашга имкон бермаганини таъкидлар экан, фикрини бундай давом эттирди:
- Тўғри, одамларнинг шахсий участкалари баҳосини бозор шакллантирар, лекин қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерлар баҳоси шаклланмаган эди. Агар президент ўз фармонида қишлоқ хўжалик ерлари ҳам сотилади, деганда эди, ернинг баҳоси пайдо бўлган бўлар эди. Натижада ер Ўзбекистоннинг ички ялпи маҳсулоти ҳажмини кўпайтиришга ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлар эди. Европада шундай. Ернинг нархи баланд ва бу ҳолат бу минтақа мамлакатлари аҳолисининг фаровонлиги ошишига катта таъсир кўрсатади.
Иқтисодчи олим фикрича, президентнинг ер муносабатларига оид фармонида қишлоқ хўжалик ерлари ҳам сотувга чиқарилиши назарда тутилганда эди, бу соҳадаги коррупцияни кескин камайтиришга хизмат қилиши мумкин эди:
- Ерга нисбатан шу пайтгача амал қилиб келган ва афтидан бундан кейин ҳам шундайлигича қоладиган муносабат коррупциянинг авж олиши, коррупцион схемаларнинг кўпайиши омилидир. Гўёки текин бўлган ерни бўлиб берувчилар учун у мўмай даромад манбаи бўлиб келган ва бундан кейин ерни бўлиб бериш ҳуқуқи бошқарувнинг бир қатламидан олиниб, бошқа қатламига бериляпти, холос.
- Домла, сиз қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерлар сотилиши керак, шунда тўғри бўлади деяпсиз, лекин ер сотилишига қишлоқ аҳолиси, деҳқонлар қарши чиқиши мумкин. Улар умуман ерсиз қолиб кетишдан, ерларини шаҳарликлар олиб қўйишидан қўрқади...
- Менимча, бу масаланинг ечими осон. Ерни фақат ўша ерда яшайдиганларга сотишга рухсат берилиши керак. Қўшни қишлоқлик бўлсанг, бу қишлоқдан ер йўқ сенга, ўзингнинг қишлоғингдан сотиб ол, деган принцип бўлиши керак.
- Ҳар бир қишлоқнинг ўз бойи бор. Ўша бой қишлоқнинг ҳамма ерини сотиб олиб қўйсачи?
- Масаланинг бу жиҳатини ҳам осон ҳал қилиш мумкин. Масалан, мева боғидан бир одамга 100 гектардан ортиқ, ғалла майдони 200 гектардан ортиқ сотилмасин, деган меъёр қиритиб қўйиш мумкин. Қолаверса, бу масала солиқлар билан ҳам бошқарилиши мумкин. Ери қанча кўп одам шунча кўп солиқ тўлайди. Кўп солиқни тўлаш учун кўпроқ ҳосил олишни ўйлаш лозим бўлади.
- Ўзбекистонда деҳқончиликнинг фойда-зарари сувга ҳам боғлиқ. Сувсиз ер ер эмаску?
- Албатта. Ернинг баҳосини чиқардик ҳам дейлик. Лекин сув бўлмаса ўша баҳони ушлаб туриш мумкинми? Албатта, йўқ. Шунинг учун бу масалада Исроил тажрибасини қўллаш тўғри бўлур эди. Яъни сувнинг ҳам баҳоси бўлади. Сув ҳам товарга айланади. Айтаёганларимдан ваҳимага тушмаслик керак. Бу ишни бошлаш керак ва бошланганидан сўнг бу масалалар ўз навбати билан ҳал бўлаверади. Қўрқиб ўтирверсак, совет давридаги феодалистик муносабатлардан ҳеч қачон чиқа олмаймиз. Лекин президент фармонидан келиб чиқилса, афтидан Ўзбекистон раҳбарияти бу ишни бошламоқчи эмас.
Ўзбекистон президентининг 1 августда кучга кирган фармони билан яна бир иқтисодчи танишиб чиқди. Айнан ер масалалари билан боғлиқ суд ишларидан боши чиқмаётганини, шунинг учун исми айтилмаслигини сўраган мутахассис гапни қисқа қилди:
“Ер билан боғлиқ вазият шу пайтгача жуда ачинарли эди. Президентнинг бу фармонидан кейин бу масала хаосга айланади”.
"Ислоҳот"лардан боши чиқмаётган қишлоқ хўжалиги
Қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерлар ва бу ерларда ишлаётган фермерлар сўнгги 10 йилда икки марта "туб ислоҳот"ни ўз бошидан кечирди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2010 йилдан бошлаб фермер хўжаликлари ерларининг ҳажмини кўпайтириш, яъни “оптималлаштириш” тадбири ўтказилиб келинган эди.
Оптималлаштиришнинг натижалари тўғрисида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмий сайти Қашқадарё вилояти мисолида мақтаниб, 2011 йилнинг 23 июнида мана бу гапларни ёзган эди:
“Натижалар таҳлили шуни кўрсатиб турибдики, фермер хўжаликларини оптималлаштириш жараёнида Қашқадарё вилоятида фермерларнинг умумий сони 24 фоизга қисқарган. Эндиликда бир фермер хўжалигига ўртача 102 гектардан ер майдони тўғри келмоқда”.
Орадан 5 йил ўтиб мамлакат бўйлаб фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонлари ҳажмини кичрайтириш жараёни бошланган ва бу жараён “мақбуллаштириш”, деб аталган эди.
Вазирлар Маҳкамаси (Бош вазир Шавкат Мирзиёев) 2015 йилнинг 15 декабрида фермер хўжаликлари учун экин ерларининг оптимал ўлчамини ўртача 36,1 гектар ҳисобида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда фермер хўжаликлари ерлари қайтадан тақсимланмоқда